Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов 25 сентябрь куни ўзи туғилиб ўсган Самарқанд вилоятида сайловчилар билан учрашди.

Видеоанжуман тарзида ташкил этилган учрашувда вилоят, туман ва шаҳар студияларида партия фаоллари, депутатлар, вилоят жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Учрашувни Экологик партия Самарқанд вилояти кенгаши раиси Б.Абдуллаев очди.

Номзоднинг ишончли вакили, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори Муҳиддин Пўлатов йиғилганларни Н.Обломуродовнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўз сайловолди дастури ҳақида маъруза қилмоқда.

– “Биз келажак учун жавобгармиз” деган ҳаётбахш ғоя Ўзбекистон Экологик партияси мафкурасининг асосий йўналиши саналади, – деди Н.Обломуродов. – Бу ғояни амалга оширишда, қолаверса, изчил экологик сиёсатни олиб бориш ва сиёсий ташаббусларни татбиқ этишда, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, атроф-муҳит ва фуқаролар соғлиғини сақлаш, экологик муаммоларни ҳал этишда, тизимли ўзгаришларга йўналтирилган амалий чораларни кўришда партиянинг президентлик сайловида иштирок этиши ниҳоятда муҳим воқеа ҳисобланади.

Бутун дунёда атроф-муҳит ва экологик ҳолат йилдан-йилга ўзгармоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, қурғоқчилик каби экологик таҳдидлар бизнинг минтақамизга ҳам бевосита дахлдордир. Орол денгизининг қуриши, ер ва сув ресурсларидан нооқилона фойдаланиш, биологик хилма хилликнининг қисқариши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, кўп миқдордаги саноат ва маиший чиқиндиларнинг тўпланиши экологик муаммоларни кундан кунга чуқурлашиб бораётганидан далолат бермоқда.

Номзод дастуридаги муҳим масалалар, хусусан

-“яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида мамлакатни жадал ривожлантиришга йўналтирилган сиёсатни юритиш;

– аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қамровини кенгайтириш, оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларни қуриш чоралари кўриш;

– чиқиндиларни қайта ишлашга қаратилган давлат сиёсатини кучайтириш;

– иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожеаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш;

– атмосферага ташланмаларни камайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;

– жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш, она табиатни, жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини кучайтириш;

– глобал ва трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилишда хорижий давлатлар, аввало Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш каби бугунги куннинг ниҳоятда долзарб масалалари сайловчиларга манзур бўлди.

Н.Обломуродовнинг қайд этишича, дунё миқёсида атмосферага заҳарли моддалар чиқариш кўпайиб бормоқда. Биргина юртимизда ҳар йили 2 миллион 200 минг тоннадан ортиқ заҳарли ташламалар тушмоқда. Бу эса атроф-муҳит мусаффолиги, аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

– Статистик маълумотларга кўра,  коронавирус пандемияси шароитида жаҳонда бир йилда 1,8-3 миллион киши ушбу хасталик туфайли вафот этган бўлса, атмосферадаги заҳарли моддалар сабаб 7 миллион киши оламдан ўтмоқда. Бу биздан ушбу масалага жиддий эътибор қаратишни талаб этади. Шу сабабли биз бу борадаги ҳуқуқий тартибларни кучайтириш, алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурамиз.

Учрашув қатнашчилари номзоднинг сайловолди дастуридаги барча йўналишлар бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё аҳли учун ҳам долзарб эканлигини таъкидладилар ва сайловчиларни Н.Обломуродовни қўллаб-қувватлашга чақирдилар.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА