«Адолат» социал демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиев сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Фарғона туманининг 26-мусиқа ва санъат мактабида тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими, мактабгача таълим ташкилоти ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирокида учрашув ўтказилди.

Номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастури мазмуни, мақсади, таклиф ва ташаббусларини сайловчиларга етказиш топширилган ишончли вакил Муҳаммаджон Валиев аввало, Фарғона туманининг сўлим табиати, меҳнаткаш аҳолиси ва самимиятини эътироф этди.

Сайловолди дастури 11 та алоҳида йўналишларга бўлинган бўлиб, ҳар бирида муҳим масалалар, муаммо ва уларнинг ечими, таклифи берилган. Жумладан, «Илм-фан – адолат ва тараққиёт омили» йўналишида мамлакатимизда жаҳоннинг Гавай, Канар ороллари ҳамда Чилида жойлашган энг нуфузли обсерваториялари билан рақобатлаша оладиган Майданак обсерваториясидан унумли фойдаланган ҳолда астрономия соҳасида аждодларимиз илмий мероси анъаналарини давом эттириш ҳамда ёшларни илм-фан ва юқори технологияларга қизиқишини ошириш ҳақида сўз боради.

Ишончли вакил ҳар бир банднинг аҳамияти, эртамиз эгаларининг келажагига таъсири, тиббиёт, таълим, мактабгача таълим тизимида киритилиши кўзда тутилган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан ишончли вакилдан жавоб олди.

Учрашув сўнгида мусиқа ва санъат мактабида «Келажагим учун овоз бераман» шиори остида ташвиқот тадбири ўтказилди.

Тадбирда сайловчилар Президент сайловида фаол иштирок этиб, Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовга овоз беришга чақирилди.

 

М. Сулаймонов, ЎзА