Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сурхондарё вилояти бўйича ишончли вакили Алишер Пардаев Олтинсой туманидаги 15-мусиқа ва санъат мактабида сайловчилар билан учрашди.

Учрашув иштирокчилари Мақсуда Ворисованинг таржимаи ҳоли билан таништирилди. Номзоднинг сайловолди дастуридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтилди.

Қайд этилдики, оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган.

Мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига чек қўйиш учун аҳоли қатламларининг давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлашга эътибор қаратилган. Дастурда пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш масалалари ўз аксини топган.

Шунингдек, вилоятнинг Узун, Сариосиё туманларида ҳам ишончли вакилнинг сайловчилар билан учрашувлари ўтказилди.

Учрашувда сўзга чиққанлар аҳолини сайловда фаол иштирок этиб Президентликка номзод Мақсуда Ворисовага овоз беришга чақирди.

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА