Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳам 30 кун қолди. Шу кунларда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш масаласи долзарб бўлиб турибди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кузатувчиларининг сайловларда иштироки ошкора демократик сайловларни ўтказишда муҳим омил ҳисобланади. Барча мамлакатларда ўтказилаётган сайловларни кузатиш фуқаролар сиёсий ҳуқуқларининг, шу жумладан, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларининг таъминланишида муҳим жиҳатдир.

Сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларнинг иштирок этиши Сайлов кодексида белгилаб қўйилган.

Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида”ги Низоми мамлакатимиз сайловларида хорижий (халқаро) кузатувчилар фаолияти тартибини белгилайди.

Ушбу тартиб қуйидаги босқичларни қамраб олади. Биринчи босқич – бу хорижий (халқаро) кузатувчиларга таклифномаларни юбориш жараёнидир.

Хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этиш ҳуқуқига эга бўлган субъектларга кимлар киради?

Биринчидан, Марказий сайлов комиссияси. Сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан сўнг МСК хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади.

Иккинчидан, Ташқи ишлар вазирлиги. Вазирлик  ўз ташаббусига кўра ёки давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, бошқа ташкилот ва муассасалар таклифларига кўра сайловларга хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этади.

Учинчидан, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар. Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловларда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини билдириб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши мумкин.

Иккинчи босқич – хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар  томонидан тегишли ҳужжатларни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этишдан иборат. Бу борада сайловда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф этилган, шунингдек, бундай истакни билдирган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ўз кузатувчиларининг рўйхати, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари нусхалари, электрон фото суратлари ҳамда белгиланган шаклдаги анкеталарни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим қилади.

Бунда хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн кун олдин тақдим этиши лозим.

Учинчи босқич –  бу хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитациядан ўтказишдир. Ташқи ишлар вазирлиги тегишли хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда МСКга тақдимнома киритади. МСК беш кунлик муддатда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Аккредитация қилинган хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг рўйхати МСК нинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Халқаро кузатувчиларни қайси ҳолларда аккредитация қилишни рад этиш мумкин

Шу билан бирга сайлов қонунчилиги хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилишни рад этиш мумкин бўлган  ҳолатларни ҳам кўзда тутади. Хусусан, аккредитация учун тақдим этилган ҳужжатлар қуйилган талабларга жавоб бермаса, яъни ҳужжатлар белгиланган 10 кунлик муддатдан кеч тақдим қилинса, хорижий (халқаро) кузатувчининг ёки унинг номзодини кўрсатган ташкилотнинг фаолияти миллий қонунчиликка зид бўлса ёки Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва миллий манфаатларига хавф солса хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш  рад этилади.

Аккредитация қилинган хорижий (халқаро) кузатувчига МСК томонидан белгиланган шаклда мандат берилади. Мандат хорижий (халқаро) кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятини амалга ошириши учун асос ҳисобланади.

Аккредитация қилинган хорижий (халқаро) кузатувчилар сайлов жараёнини кузатишда бўлиб ўтаётган сайлов жараёнларига баҳо бериш учун маълумот тўплашади, сайлов жараёнини ўрганишади, сайлов комиссиялари фаолиятини баҳолайди.

Бугунги кунгача Марказий сайлов комиссияси томонидан 46 нафар, жумладан 40 нафар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқулари бўйича бюроси Сайловларни кузатиш миссиясининг вакиллари ва 6 нафар хорижий давлатлар  кузатувчилари  аккредитациядан ўтказилди.

Яна 66 нафар хорижий (халқаро) кузатувчи аккредитациядан ўтказилди

Шу билан бирга  бугунги кунда  Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 66 нафар хорижий (халқаро) кузатувчини аккредитациядан ўтказиш бўйича МСКга тақдимномалар киритилди. Хусусан, халқаро ташкилотлардан 7 нафар(МДҲдан),  25 нафар Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясидан, 1 нафар Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотидан.

Хорижий давлатлардан 1 нафардан – Латвия,  Украина ва Чехия Республикасидан, 2 нафардан – Озарбайжон ва Беларусь Республикаларидан ҳамда Япониядан, 3 нафардан – Сингапур ва Қувайтдан, 5 нафардан – Қозоғистон Республикасидан, Миср ва Туркиядан, 5 нафар Россия Федерациясидан.

Халқаро кузатувчини аккредитациядан ўтказиш бўйича киритилган тақдимномалар Сайлов кодекси ва тегишли Низом талабларига мувофиқ кўриб чиқилиб, ушбу 66 нафар халқаро кузатувчини аккредитациядан ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА