Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган календарь режаси ижросига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Таъкидланганидек, округ сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари билан комиссия аъзоларининг фаолият соҳалари бўйича вазифалар тақсимоти ва уларни ҳудудларга бириктириш, ҳужжатлар номенклатураси, навбатчиликни ташкил этиш жадвали тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияси календарь режасига асосан, жорий йилнинг 17 сентбридан бошлаб сайлов участкалари ҳудудида яшовчи сайловчилар, жумладан, имконияти чекланган шахслар, ногирон, бемор, қарияларни аниқлаш ва уларнинг рўйхатини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Дастлабки натижаларга кўра, 665 минг 743 нафардан иборат сайловчилар рўйхати шакллантирилган.

Бугунги кунда 411 та участка сайлов комиссияларининг 275 таси умумтаълим мактабларида, 46 таси маҳалла фуқаролар йиғини, 24 таси коллеж, техникум ва касб-ҳунар мактаби, 11 таси тиббиёт марказлари, 8 таси ҳарбий қисмлар, 7 таси маданият ва спорт марказлари, 3 таси олий ўқув юртлари ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жойлари, 2 таси дам олиш маскани ва 30 таси бошқа биноларда жойлаштирилди. Зарур анжомлар билан таъминланган участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг барчасида пандус мавжуд.

– СЖБАТ билан ишлашни сифатли ташкил этиш мақсадида вилоят бўйича 31 нафар информатика ва ахборот технологияси соҳаси мутахассисларидан иборат тренерлар танланди ва ҳудудларга бириктирилди, – дейди округ сайлов комиссияси раиси Нормурод Исоқов. – Жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари эса барча участка сайлов комиссиялари аъзоларининг икки кунлик ўқув машғулотлари ўтказилди. Ўқув машғулотларида Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган видео ва бошқа кўргазмали воситалардан кенг фойдаланилди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан тавсия этилган барча тасвирий восита ва роликлар вилоятдаги 159 та, жумладан 27 та LED экранларда намойиш этилмоқда.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 20 сентябридан бошлаб Республикамиздаги сиёсий партиялардан Президентликка кўрсатилган номзодларнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда.

Округ сайлов комиссиялари аъзолари томонидан бириктирилган ҳудудларда сайловчиларнинг миллий мансублиги (сўзлашув тили) кесимида сайлов бюллетенларига бўлган талабни ўрганиш жараёни якунига етказилди.

Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА.