Самарқанд шаҳрининг Хишрав-2 массивида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар компаниялари иштирокида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ШҲТ” индустриал зонаси барпо этилади.

Унинг иштирокчилари учун алоҳида солиқ, божхона ва ҳуқуқий режим белгиланади.

Вилоят экспорти 3 баробарга ортиб, йиллик 1,5 миллиард долларга етказилади.

Жумладан, пойабзал, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини камида 5 баробарга ошириш режа қилинган.

Тайёр тўқимачилик маҳсулотлари экспорти келгуси беш йилда 3,4 бараварга оширилиб, унинг камида 50 фоизи брендлар асосида бозорга чиқарилади.

Бунда, ходимларни юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга ўқитиш харажатларининг 50 фоизи Бандлик жамғармасидан қоплаб берилади.

Энг муҳими:

– экспортчи корхоналар сони 4 баробарга кўпайиб, 1 минг 100 тага етади;

– вилоят экспортида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар улуши ҳозирги 35 фоиздан 60 фоизга етказилади;

– экспорт географияси ҳозирги 56 та давлатдан 83 та давлатга кенгайиб, Самарқанд маҳсулотлари Швеция, Норвегия, Бразилия, Чили, Австралия каби мамлакатлар ҳамда Африка қитъасига ҳам етиб боради.

Вилоят экспорт имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ургут туманининг Тожикистон билан чегарадош худудида, “Ургут” эркин савдо зонаси ташкил этилади.

Шунингдек, ҳар бири 100 гектар ер майдонига эга 4 та ихтисослашган экспорт технопарклари ташкил этилади.

Пастдарғом – тўқимачилик, Жомбой – машинасозлик, Тайлоқ – озиқ-овқат, Самарқанд тумани – маиший техника ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Уларнинг инфратузилмасини барпо этишга бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилади.

 

ЎзА