Туризм – Самарқанднинг асосий драйверларидан бири. Ушбу соҳасида келгусида 40 минг кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда Самарқандда бўлиб ўтаётган сайловчилар билан учрашувда маълум қилди.

Вилоятни юртимизнинг “Туризм дарвозаси”га айлантириш орқали, келгуси беш йилда туризм хизматлари ҳажмини камида 10 баробарга оширилади.

Бунда, 600 дан ортиқ янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, ётоқ ўринлар сони 22 мингтага етказилади.

Вилоятда Халқаро кулинария ва сервис мактаби ташкил этилиб, ўқитишга Франция, Италия, Япония, Туркиядан етакчи рестораторлар жалб этилади.

Шунингдек, Халқаро гастрономик фестиваль ташкил этилади.

Самарқанд халқаро аэропортига парвозлар сони 7 баробарга оширилиб, йўловчилар оқими йилига 220 мингдан 1,5 миллион нафарга етказилади.

Келгуси йилда 212 гектар ер майдонида Самарқанд бизнес ва туризм маркази барпо этилади.

Унда, халқаро конгресс маркази, “Абадий шаҳар” карвонсарой мажмуаси, 8 та меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази, сунъий сув ҳавзалари қурилади.

Бу орқали 5 мингдан зиёд ёшлар бандлиги таъминланади.

Келгуси йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг имтиёзли маблағлари ҳисобига 50 та электробус олиб келинади.

Умуман, вилоятга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони йилига 5 миллионга етади.

 

ЎзА