Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти ривожига тўсиқ бўлиб турган муамолар билан бирга, уларни ечиш бўйича ўз сайловолди дастуридан ўрин олган режаларга ҳам тўхталди.
– Юқорида айтиб ўтилган муаммоларни ҳисобга олиб, биз вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур тайёрладик. Бунда қуйидаги устувор йўналиш ва вазифаларга асосий эътибор қаратамиз.
Биринчи йўналиш – 450 мингта иш ўрни яратиш орқали камбағалликни 2 баробарга қисқартириш – энг устувор вазифамиз бўлади. Бунинг учун келгуси беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулотни 1,4 бараварга ошириб, 90 триллион сўмга етказишимиз зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Сайловолди дастурида белгиланишича, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш орқали вилоятда 130 мингта иш ўринлари яратилади. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида вилоятга ҳар йили қарийб 1 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилади.