Шавкат Мирзиёев самарқандлик сайловчилар билан учрашувда Самарқанднинг илм-фан маркази сифатидаги ўрнига алоҳида тўхталди.

– Барчамизга яхши маълумки, қадимдан илм-фан маркази сифатида шуҳрат қозонган Самарқанд бугунги кунда ҳам ўзининг нуфузли олийгоҳлари билан машҳур. Айниқса, Самарқанд давлат университети, Самарқанд тиббиёт институти улар орасида алоҳида ўрин тутади.

Бу олийгоҳларнинг мамлакатимиз таълим тизимидаги ўрни ва салоҳиятини янада ошириш мақсадида сизлар билан ўз таклифларимни ўртоқлашмоқчиман.

Самарқанд давлат университетига ушбу қутлуғ масканда таҳсил олган, шу ерда ишлаган, республикамизда илм-фан, таълим, маданият, адабиёт ва санъат ривожига беқиёс ҳисса қўшган атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли адиб Шароф Рашидов номини берсак, нима дейсизлар?

Шунингдек, Самарқанд тиббиёт институтига университет мақомини бериш ҳақида алоҳида қарор қабул қилсак, ўйлайманки, ушбу йирик олийгоҳнинг мавжуд салоҳияти ва келгуси ривожи учун янада пухта замин яратган бўламиз.

Бўлғуси университетнинг раҳбарияти, профессор-домлалари ўзларининг билим ва тажрибасини тўла сафарбар этиб, вилоятнинг барча туман, шаҳар ва қишлоқларида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ишига муносиб ҳисса қўшадилар, деб ишонч билдираман, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА