Янги Ўзбекистонда ўтказилаётган бу йилги сайлов янги Сайлов кодекси асосида эркин, шаффоф тарзда олиб бориляпти.

Бугунги сайловларда ҳам замонавий ахборот-коммуникация технологияларига таянган ҳолда, «Бир сайловчи – бир овоз» тамойилини рўёбга чиқариш учун сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилди, сиёсий партияларнинг соғлом рақобат олиб бориши учун тенг шарт-шароитлар яратилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялардан Президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари рўйхатга олинди. Айни пайтда сайлов кампанияси қизғин босқичга кирди.

«Миллий тикланиш» демократик партиясидан Президентликка номзод Алишер Қодировнинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили сифатида бир ой давомида жойларда олиб борадиган тадбирлар календарь режаси тасдиқланган. Унга асосан, сайловчилар ҳузуридаги ушбу учрашувлар нафақат марказларда, ташкилот ва корхоналар, таълим муассасаларида, балки вилоятнинг энг чекка ҳудудлари – қишлоқ ва овуллари, пахта далаларида ўтказилади. Дастлабки учрашув эса шу йилнинг 23 сентябрь куни Навбаҳор туманида бўлиб ўтди.

Тарғибот тадбирлари «Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради» ғоясини ўзида мужассамлаштирган «Қадриятларга таянган тараққиёт» шиори остида жонли мулоқот тарзида ташкил қилинади. Энг муҳими, ушбу тадбирларда Президентликка номзоднинг Сайловолди дастури видеолавҳа кўринишида сайловчилар эътиборига ҳавола қилиниши ўзига хос янгиликдир.

Бундан ташқари, номзоднинг ишончли вакилига сайловчилар бевосита савол билан мурожаат қилишига имконият яратилади. Айрим саволларга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланилган ҳолда тўғридан-тўғри онлайн шаклда номзод томонидан жавоб қайтарилиши учун жонли мулоқот йўлга қўйилади. Айни пайтда, 5-Навоий округ сайлов комиссияси таркибида 411 та сайлов участкаси фаолият юритмоқда. Мазкур участкаларда иш юритиш учун ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши томонидан кузатувчи ва ваколатли вакилларимиз белгиланиб, уларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилди. Участкалар партиямиз фаолиятини тарғиб этувчи турли реклама баннерлари, тарғибот-ташвиқот воситалари, сиёсий адабиётлар билан бойитилди.

Кузатувчи ва ваколатли вакилларнинг сиёсий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида улар партия вилоят Кенгаши ҳудудий тренерлари томонидан ўқитилди. Жойларда ташкил этиладиган тарғибот тадбирларида партия ғояларини қўллаб-қувватловчи «Кўмак» гуруҳи аъзоларидан иборат волонтёрлар рўйхати тасдиқланди. Туман ва шаҳарлар, таълим муассасаларида 18 ёшга тўлган ёшлар иштирокида «Мен сайловда илк бор овоз бераман» мавзусида сайловолди тадбирлари ўтказилмоқда.

Биз бугун мамлакатимизда инсонпарвар демократик жамият барпо этиш сари интилаётган эканмиз, унинг бош талаби бўлган эркин сайловларни муносиб ташкил қилиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаверади. Чунки сайловлар халққа давлат ҳокимиятининг ягона манбаи сифатидаги сиёсий ролини амалга ошириш имконини берадиган ҳал қилувчи жараёндир.

Илҳом Ражабов,

«Миллий тикланиш» демократик партиясидан Президентликка номзод Алишер Қодировнинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили.