Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, вилоят партия кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни бошлади.

Ана шундай дастлабки тадбир Янгиқўрғон туманида бўлиб ўтди. 61-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда педагоглар, шу атрофдаги маҳаллаларнинг фуқаролари, тумандаги мактаблар директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ёшлар, жами икки юздан ортиқ киши иштирок этди.

Ишончли вакил дастлаб тўпланганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Сўнгра Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастури ҳақида сўзлаб, унинг мазмун-моҳиятини таърифлаб берди. Олға сурилган асосий йўналишларга ҳам тўхталди. Кўзда тутилган вазифаларни уддалаш учун қандай ишлар амалга оширилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

– Номзодимизнинг сайловолди дастури бежиз “Адолат – ҳамма учун!” деб номланмаган, – деди ишончли вакил Исроилжон Жўраев. – Чунки инсон дунёга келибдики, ҳамиша адолатга интилади. Бу эзгу ва муҳим тамойил ҳар бир киши учун ҳаёт мазмунига айланиши муболаға эмас. Дастурда таъкидланганидек, “Донғи оламларга ёйилган мутафаккир аллома Алишер Навоий “Зинҳорки, зулм риштасини уз, Инсоф ила адл қасрини туз”, дея одиллик жамият осойишталиги ва барқарор тараққиётини таъминловчи қудратли куч эканини алоҳида қайд этиб ўтган.”

Ишончли вакил ўз сўзини якунлар экан, сайловчиларни 24 октябрь куни бўладиган Ўзбекистон Президенти сайловида “Адолат” социал демократик партиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовга овоз беришга чақирди.

Ташвиқот тадбирида сўз олган халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Гулчеҳра Усмонова, “Адолат” СДП вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова ва бошқалар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим жараёнда ҳар бир киши ўзи танлаган муносиб номзодни қўллаб-қувватлашига ишонч билдирди.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА