Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилоят Кенгаши ташаббуси билан сайловолди тарғибот акцияси ташкил этилди.

“Инсон қадри учун!” шиори остида ўтказилган акцияда партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари шаҳар бўйлаб автобусларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида белгиланган йўналишлар бўйича тарғибот тадбирларини амалга оширдилар. Мазкур акцияда “Ёшлар қаноти” фаоллари тенгдошларини эзгу куч остида бирлашишга ҳамда партия номзодига овоз беришга чақирди.

Акцияни якунлаган ёшлар шу куни O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан партия вилоят Кенгаши раиси Хуршида Халилова, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари Сардор Марипов, Самидилло Маҳмудов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари, нуронийлар, Андижон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирокидаги ишончли вакилнинг навбатдаги учрашувида қатнашди. Вилоят касаба уюшмалари бирлашмасида бўлиб ўтган мазкур мулоқотда Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 15 сентябрдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ш.Мирзиёевнинг Андижон вилояти бўйича ишончли вакили сифатида рўйхатга олинган вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Ўктамжон Охунов сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли, фаолияти, сайловолди дастури бўйича батафсил маълумот берди.

–Номзоднинг сайловолди дастури билан танишар эканмиз, сўнгги беш йилликдаги эзгу ислоҳотларнинг мантиқий давомини кўряпмиз, – дейди вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши раиси Турсунбой Рустамов. – Хусусан, дастурда мамлакатимизни янада равнақ топтиришга, халқимиз салоҳиятини янада тўлақонли рўёбга чиқаришга йўналтирилган мақсадлар, вазифалар илгари сурилган. Таъкидлашдан чарчамайман, унда ягона пировард мақсад – Ўзбекистонда инсон қадрини янада юксалтириш, халқимиз турмуш фаровонлигини бунданда ошириш, “давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғояни тўла амалга татбиқ қилишдан иборатлиги яққол кўзга ташланади.

Ишончли вакил томонидан дастурнинг ҳар бир банди халқ манфаатига хизмат қилиши, ҳар сатри фақат ва фақат инсон қадрини энг юксакларга кўтаришни мақсад қилгани алоҳида қайд этилди.

 

Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат),ЎзА