Қарши шаҳридаги «Журналистлар уйи»да Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон Экологик партиясидан кўрсатилган номзод Нарзулло Обломуродовнинг Қашқадарё вилояти бўйича ишончли вакили Носир Ҳалимов иштирокида брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши ходимлари, журналист ва блогерлар иштирок этган тадбирда Носир Ҳалимов номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда Сайловолди дастури юзасидан батафсил маълумот берди.

Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифа ва мақсадларга атрофлича тўхталиб ўтди. Маълумки, Ўзбекистон Экологик партияси янги сиёсий куч сифатида майдонга чиқди. Мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган экологик муаммоларни изчиллик билан ҳал этиш ҳамда иқтисодий тараққиётни таъминлашда жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга йўналтирилган сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадини олдига қўйди.

Мамлакат ҳаётида катта воқеа ҳисобланган бу сиёсий жараёнда партиянинг иштирок этиши, мамлакатимизнинг ривожланиши ва эртанги куни билан боғлиқ бўлган энг муҳим ташаббусларни илгари суриши биринчи навбатда экологик ҳолатни яхшилаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

 

Ўлмас Баротов,  

ЎзА. Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА