Халқаро алоқалар ривожи ҳар қандай соҳанинг энг илғор ютуқларидан хабардор бўлиш ва уни амалга татбиқ этишга ёрдам беради.

Ўзбекистон нотариал палатаси ҳам айнан шу мақсадда халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда. Палата Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлиш тараддудида.

давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунга замин яратди.

Фармон билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да халқаро институтлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, хусусан, Халқаро нотариуслар иттифоқига қўшилиш орқали илғор тажрибаларини имплементация қилиш белгиланган.

Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлишдан мақсад – миллий нотариат тизимини ислоҳ қилиш доирасида уни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда лотин нотариат моделидаги давлатларнинг илғор тажрибаларини қўллаш чораларини кўришдир.

Халқаро нотариуслар иттифоқининг  халқаро нотариал ҳамкорлик бўйича комиссияси президенти Ричард Бок  бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга уч кунлик ташрифи шу мақсадда ташкил этилди.

Ташрифнинг биринчи кунида делегация аъзолари Ўзбекистон нотариал палатасида бўлиб, палата раҳбарияти ва бошқарув кенгаши аъзолари билан учрашди.

Учрашувда Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров қисқа давр ичида Ўзбекистонда нотариат соҳаси тубдан янгиланганлиги ҳақида меҳмонларга сўзлаб берди.

1,5 йил ичида қарийб юз фоиз нотариус давлат нотариуси мақомидан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мақомига ўтказилди. Нотариат соҳасини рақамлаштириш тобора такомиллашиб бормоқда. Ўтказилаётган ислоҳотлар туфайли нотариусларнинг аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати кескин ошди. Мулоқот давомида соҳада яратилган қулайликлар ҳақидаги маълумотлар  тақдимоти ҳам ўтказилди.

Меҳмонлар, ўз навбатида, Халқаро нотариуслар иттифоқининг фаолияти ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, Ўзбекистон нотариал палатаси илк қадамлариданоқ муваффақиятли ишларни амалга ошираётгани, тизимдаги ислоҳотлар ривожланган давлатлар нотариал палаталари билан деярли бир хил экани эътироф этилди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Адлия вазирлиги раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА