Биз мамлакатимизда кечаётган демократик жараёнларни, ўтаётган ҳар бир кунимизни мустақиллик берган неъматлар, деб биламиз. Ўтган 30 йил нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки ҳуқуқий ва сиёсий ҳаётимизда ҳам муҳим ўзгаришларга бой бўлди.

Истиқлолга эришгунимизга қадар 1948 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ҳақида очиғи, мамлакатимизда яшовчи камдан кам одамлар хабардор бўлишган. Мазкур умумэътироф этилган халқаро ҳужжат Мустақил Ўзбекистонда тан олинди. Қонунчилигимиз инсонийлик ва эзгулик тамойиллари асосида тубдан ислоҳ қилинди. Асосий қонунимиз – Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Кўплаб давлат органлари ўрнини фуқаролик жамияти институтлари эгаллади.

Партиявий яккаҳокимлик ўрнида фуқаролик жамиятининг муҳим институтлари сифатида кўп партиявийлик тизими қарор топди. Фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилди. “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пактнинг 25-моддасида белгилаб қўйилган “Ҳар бир шахс ўз мамлакатида сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар”, деган халқаро меъёр Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддаси сайловларга бағишланган бўлиб, унда “Халқ эрки ҳукуматга тегишли бўлган ҳокимиятнинг асоси бўлиши керак: бундай эрк умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш йўли билан аҳамиятли шакллар воситасида амалга оширилиши лозим бўлган даврий ва сохта бўлмаган сайловларда намоён бўлиши даркор”, дейилган.

Бу каби халқаро нормалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида ўз ифодасини топди. Миллий қонунчилигимиз инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаган ҳолда ижтимоий адолат ва қонунийлик принципларига асосланиб, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини – ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим тамойилларидан бири сифатида муҳрлади. Халқнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки белгилаб берилди.

Маълумки, жорий йил 24 октябрда бўладиган сайловда сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар курашади. Фуқаролик жамияти институтларининг, жумладан, сиёсий партияларнинг айни вазифаси шу курашнинг қонунийлиги ва адолатлигини таъминлашдир. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган ҳар бир номзод, у қайси сиёсий партия вакили бўлишидан, қандай лавозимда фаолият юритишидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талабларига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан сайлов натижалари эълон қилингунга қадар тенг ҳуқуқларга, шу жумладан, дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни мажбурий келтириш, уларнинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жой ва хизмат хоналарини кўздан кечириш таъқиқланади.

Қонунчиликда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг бундай иммунитети, аввало, ҳар бир номзоднинг ўз сиёсий ҳуқуқларини эркин рўёбга чиқаришга, сайловолди ташвиқотларида тенг ҳуқуқлилик асосида қатнашишга ва номзодлар учун яратилган барча шароитлардан адолатли ва тенг фойдаланишга қаратилган.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга нисбатан сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш чоғида ҳам, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида ҳам ҳеч қандай чекловлар ва фарқлашлар, бирон-бир тўсиқлар бўлиши мутлақо мумкин эмас.

Энг муҳими, қонунчилигимизда назарда тутилган дахлсизлик иммунитети номзодларнинг қонунга хилоф равишда маъмурий ёки жиноий таъқиб қилинишини, шундай усуллар билан қўрқитилишини, ўз номзодини олишга мажбур қилинишини чеклайди ҳамда шахсий ва мулкий дахлсизлигини, сайловолди фаолиятини эркин ва тенгҳуқуқлилик асосида юритишини кафолатлайди.

Шунингдек, номзоднинг шаъни ва қадр-қимматини, хат ёзишмалар, телефон сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларни сир сақланишини ва оила сирларини, турар-жой дахлсизлигини, биз сўз билан айтганда сайланиш ҳуқуқини ҳимоя қилади.

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ бешта сиёсий партиядан рўйхатга олинган номзодлар эркин ва очиқ, тенг имконият ва тенг шароитлар асосида қурилган катта сиёсий майдонга чиққан. Уларнинг бир биридан кам бўлмаган миқдор ва даражада ташвиқот юритишига ҳеч қандай монеълик қолдирилмаган. Оммавий ахборот воситаларида ҳамма номзодлар учун тенг ўринлар ажратилган. Бу борада Марказий сайлов комиссияси ҳамда округ сайлов комиссияларининг фаоллигини, ташаббускорлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг номзоди  яратилган барча имкониятдан самарали фойдаланиш учун пухта тайёргарлик ишларини олиб борди ва сайловолди тарғиботига киришди.

Ўз номзодига юксак ишонч билдирган партиямиз Амир Темурнинг ҳикматли “Куч – адолатда” деган пурмаъно даъвати ва унинг тарихий қонуниятларига таянган ҳолда, бундай тенг имконият – тенг шароитларда мамлакатимиз фуқаролик жамияти демократик жараёнларининг фаол иштирокчисига айланади.

Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 41-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинганларнинг барчаси тенг ҳуқуқларлидир. Албатта, сайловлар айтишувларсиз, тортишувларсиз, баҳс ва мунозараларсиз бўлмайди. Бизнинг вазифамиз кўп минг йиллик маданиятимизнинг устувор ғояларига таянган ҳолда номзодларнинг дахлсизлик ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва сайлов жараёнларида юқори маданият билан иштирок этишдан иборат.

Зеро, демократия – инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, қонунларга итоат этиш, бир сўз билан айтганда ҳуқуқий ва сиёсий маданият демакдир. Халқимиз эса, ўзига муносиб номзодни танлаб олишга қодир!

 

Абдукамол Раҳмонов,  

Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий  

кенгаши раиси ўринбосари.  

ЎзА