Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилояти бўйича ишончли вакили – Темур Поёнов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Унда Президентликка номзоднинг ишончли вакили илғор демократик тамойиллар мустаҳкам қарор топиб бораётган Янги Ўзбекистонда қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқларини, жумладан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини амалда кенг таъминлашга қаратилган улкан ўзгаришлар юз бераётганини таъкидлаб, шу йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайлови мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғоялар руёбининг, Ўзбекистоннинг юксак тараққиётига халқимиз билдирадиган қатъий ишончнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлишини қайд этди.

Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексининг 43-моддасига мувофиқ Президентликка номзод ўз сайловолди дастурини сайловчиларга таништириш жараёнида илгари сураётган ғоя ва мақсадлари аҳолининг барча қатламлари ҳамда ҳар бир сайловчига етиб бориши учун ўзининг ишончли вакилларини белгилайди. Президентликка номзод 15 нафаргача ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли.

Темур Поёнов брифингда Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 15 сентябрдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилояти бўйича ишончли вакили сифатида расман рўйхатга олингани хусусида ва марказий сайлов комиссиясининг шу йил 17 сентябрда қабул қилган қарорига асосан Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2021 йил 20 сентябрдан бошланиши белгиланганини, зиммасига сайлов кампаниясини ўтказишда номзодга яқиндан кўмакдош бўлишдек масъулиятли вазифа юкланганини айтди.

Ишончли вакил давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда, албатта, номзоднинг манфаатларини ифодалайди. Тарғибот жараёнида сайловнинг демократик асосларда, очиқлик ва адолат тамойилларига мос равишда ўтишига баҳоли қудрат ҳисса қўшади. Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, сайловга бир кун қолганда ва сайлов кунида ташвиқот олиб бориш тақиқланади. Шу боис шу йил 22 октябрь куни номзоднинг ишончли вакили тарғибот тадбирларини якунлайди.

Ишончли вакил иштирокида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, турли ташкилотлар, муассасалар, корхоналарда оммавий учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Мулоқотларда ишончли вакил Президентликка номзод дастурида белгиланган асосий ғоя ва мақсадларни фуқароларга жонли, ҳаётий мисоллар орқали, самимий суҳбат ва савол-жавоблар асносида тушунтиради. Шу билан бирга жойларда мавжуд масалалар юзасидан ҳам фикрлашади.

 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА