Бир оила бекаси, она ва ишловчи аёл сифатида “Миллий тикланиш”дан Президентликка кўрсатилган номзод Алишер Қодировнинг тарбия ва таълим тизими ислоҳотлари самарадорлигини ошириш учун оилада аёлларга муносиб шароит яратиш, болали аёлларнинг маошини камайтирмаган ҳолда уларнинг иш вақтини қисқартириш бўйича билдирган таклифини қўллаб-қувватлашни лозим топдим.

Аёл бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратади, дея бежиз айтишмаган. Бугун аёлларга муносиб иш шароити яратилмас экан, тарбия ва таълимда ортда қолаверамиз. Аёл эрталабдан болаларини боғчага, мактабга, турмуш ўртоғини ишга кузатиш баробарида ўзи ҳам ишга шошади. Бу орада нонушта, кийим-кечакларни тайёрлаши, қайнона-қайнотасининг ҳурматини жойига қўйиши лозим. Албатта, бирига улгуради, бирига эса йўқ.

Фарзанд дунёга келар экан, энг аввало, тарбияни оилада олади. Ватан ичра кичик Ватан дея эътироф этилаётган оила ва маҳаллада катта бўлган бола, келажакда ўз йўлини топа билиши аллақачон исботланган. Алишер Қодиров дастурида оила, боғча ва мактаб, яъни бу учта институт ягона тизимга бирлаштирилиши таклифи илгари сурилмоқда. Ҳақиқатан ҳам бир-бирини тўлдирувчи бу тизим ҳамкорликда ишламас экан, бу борада кўзлаган мақсадларга эриша олмаймиз. Таклиф қилинганидек, “Янги авлод” давлат дастури қабул қилиши эса бу борадаги муаммоларга аниқ ечим бўлади.

Мен барча хотин-қизлар, аёлларни сайловда Алишер Қодиров номзодига овоз беришга чақираман! Дастурида биз аёлларнинг манфаатини ҳеч кимникига ўхшамаган таклифлари билан ҳимоя қилаётган экан, нима учун бу номзодни қўллаб-қувватламаслигимиз керак!

 

Муқаддасхон ШОКИРОВА,

Фарғона шаҳри, Жомий маҳалласи