Марказий сайлов комиссиясида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мерфи бошчилигидаги миссия вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев ЕХҲТ ДИИҲБ билан ҳамкорлик самарали ривожланиб бораётгани ва ўзининг ижобий натижаларини бераётганини таъкидлади. Халқаро кузатувчиларга жорий йил бўлиб ўтадиган Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастурига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот бериб ўтди.
– ЕХҲТ ДИИҲБнинг 2019 йилги парламент сайловларини кузатиш бўйича миссияси якуний ҳисоботида Ўзбекистонда сайловлар жараёнини такомиллаштириш бўйича 32 та тавсия тақдим этган эди. Ушбу тавсияларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш, мақбул тавсияларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш учун бир қатор ташкилий-амалий чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада бугунги кунга келиб якуний ҳисоботда қайд этилган 32 тавсиянинг 18 таси тўла қабул қилинди, 3 таси қисман қабул қилинди, 8 таси кўриб чиқилмоқда. Таъкидлаш жоизки, июндан сентябргача ҳар ой ўқув- семинарлар ўтказилиб, уларда участка сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва котиби лавозимларига 32 минг 496 номзод қамраб олинди. 15-18 сентябрь кунлари участка сайлов комиссияларининг бошқа барча аъзоларини ўқитиш режалаштирилган, – деди З.Низомхўжаев.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун 21 та халқаро ташкилотга, жумладан, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, ШҲТ, ИҲТ, Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясига, 27 та хорижий мамлакатлар сайлов органлари ва 47 та давлатдан 223 нафар кузатувчиларга таклифномалар юборилди.
Миссия вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси билан сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг сайловларни демократик асосларда ташкил этишдаги роли билан таништирилди.
Ўз навбатида, СКМ раҳбари О.Мерфи ўз сўзида миссиянинг асосий вазифалари, ишлаш методологияси, миссия таркиби ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Бюронинг сайловни кузатиш бўйича миссияси таркибига асосий гуруҳ билан бирга узоқ муддатли кузатувчилар, шунингдек, овоз бериш куни сайлов участкаларида кузатувни амалга оширадиган қисқа муддатли кузатувчилар киритилган.
– Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг асосий гуруҳи, яъни 11 нафар кузатувчи кеча, 14 сентябрда Ўзбекистонга етиб келди ва кейинги ҳафта 28 нафар узоқ муддатли кузатувчи етиб келиши кутилмоқда. Ушбу кузатувчилар Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб барча сайлов жараёнларини кузатиб боради. Шунингдек, сайлов кунидан тахминан бир-икки кун олдин 250 нафар кузатувчи Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Тахминан уч ҳафтадан кейин биз биринчи ҳисоботимизни эьлон қиламиз. Унда қилинаётган ишлар ҳақидаги аниқ маълумотларни берамиз, – деди Оуэн Мерфи.
Ўзбекистонга келиши режалаштирилган узоқ муддатли кузатувчиларнинг фаолияти ДИИҲБга минтақалардаги кузатув натижаларини инобатга олган ҳолда сайлов жараёни ҳақида тўлалигича ҳисобот тузиш имконини беради. Қисқа муддатли кузатувчиларнинг вазифалари уларга бириктирилган ҳудудда сайлов куни кузатувни амалга ошириш, шунингдек, ўз хулосалари ҳақида аниқ ва тўлалигича миссиянинг бош қароргоҳига хабар беришдан иборатдир.
Учрашув сўнггида ДИИҲБ ЕХҲТнинг СКМ вакилларидан 12 нафарига халқаро кузатувчи мандатлари топширилди.
Нурилло Насриев, ЎзА