Президент Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун 16 сентябрь куни Душанбе шаҳрига келди.

Давлатимиз раҳбарини Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосчи давлатларидан бири. 2001 йилда тузилган мазкур ташкилотга бугунги кунда саккизта мамлакат – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Ўтган 20 йилда ташкилот халқаро доирада нуфузли тузилмага айланди. Бугун ШҲТ макони дунё аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, бой табиий ресурслар, илғор технологиялар ва улкан истеъмол бозорига эга.

Ўзбекистон ШҲТга савдо-иқтисодиёт, транспорт ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий хавф-хатарлар ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишнинг муҳим воситаси сифатида қарайди.

Мамлакатимиз ташкилот доирасидаги ҳамкорликда фаол иштирок этиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва натижадорликни оширишга хизмат қилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига уч марта – 2003-2004, 2009-2010 ва 2015-2016 йилларда муваффақиятли раислик қилган. 2016 йилги Тошкент саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисида меморандумлар имзоланган ва улар учун ташкилотга йўл очилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саммит доирасида Тожикистон Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Эрон Ислом Республикаси Президенти билан учрашувлар ўтказди.

Президент Эмомали Раҳмон билан мулоқотда кўп қиррали Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ иқтисодиёт тармоқларида кооперация лойиҳаларини ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурини амалга ошириш мақсадида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Афғонистонда вужудга келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбари Тожикистоннинг ШҲТдаги сермаҳсул раислиги даврида эришилган натижаларни юксак баҳолади ва бўлажак саммит тадбирлари муваффақиятли ўтказилишини тилади.

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан музокарада икки мамлакат етакчиларининг жорий йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтган саммитида Ўзбекистон ва Покистоннинг кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Шу йил бошидан икки томонлама товар айирбошлаш 2,5 баробар ортгани, 30 дан ортиқ янги қўшма корхона ташкил этилгани таъкидланди. Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар тикланди.

Самарали ишбилармонлик алмашинувларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш борасида биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди. Энг аввало, преференциал савдо тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилиш, транзит ва савдо муносабатлари тўғрисидаги битим қоидаларини бажариш, қабул қилинган “йўл харитаси”га мувофиқ иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш шулар жумласидан.

Учрашувда Афғонистонда вужудга келаётган ҳолатдан келиб чиқиб минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий билан суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Эрон Президентини юксак давлат лавозимига сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, масъулиятли фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.

Амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари изчил ўсиб бораётгани кузатилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, паррандачилик, балиқчилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда бизнес лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий алоқалар суръатини давом эттириш ва янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш мақсадида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштиришга келишиб олинди.

Бундан ташқари, “йўл харитаси” асосида саноат кооперациясини кучайтириш истиқболлари ҳамда икки мамлакат транзит салоҳиятини самарали ишга солиш имкониятлари ваколатли идоралар даражасида пухта ўрганилади.

Давлат раҳбарлари минтақа кун тартибидаги масалаларни, шу жумладан, Афғонистонда вужудга келаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқдилар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг асосий тадбирлари 17 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Тожикистон раислигида ўтказилаётган саммит ишида ШҲТга аъзо давлатлар – Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғиз Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Россия Федерацияси етакчиларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, давлат раҳбарлари мажлисида ташкилот ҳузурида кузатувчи мақомидаги мамлакатлар томонидан Беларусь Республикаси, Эрон Ислом Республикаси ва Мўғулистон Президентлари қатнашади. Мажлиснинг фахрий меҳмони сифатида Туркманистон раҳбари таклиф этилган.

Саммитда ШҲТ ижроия органлари ва бошқа халқаро институтлар раҳбарлари ҳам иштирок этади.

Кун тартибига мувофиқ, иштирокчилар ШҲТнинг ўтган 20 йилги фаолиятининг асосий якунларини кўриб чиқадилар, кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб вазифаларини муҳокама қиладилар. Глобал сиёсат ва минтақа кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Саммит якунида Душанбе декларацияси қабул қилиниши, давлатлар раҳбарларининг қарорлари ва ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга доир бошқа кўп томонлама ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган. ШҲТга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши саммитнинг муҳим воқеаси бўлади.

Президентимиз анжуман доирасида Афғонистондаги вазият бўйича “ШҲТ – КХШТ” форматидаги учрашувда иштирок этиши кўзда тутилган.

 

ЎзА