Муҳтарам дўстлар! Хонимлар ва жаноблар! Авваламбор, “Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форумининг Сиз, ҳурматли иштирокчиларини чин қалбимдан самимий қутлайман.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида ушбу Форумни ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг ташаббусини қўллаб-қувватлаганлари учун Бош котиб Антониу Гутерриш жанобларига ва Форумни ҳамкорликда ташкил этишда амалий кўмак кўрсатган ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле хонимга алоҳида миннатдорчилигимни билдираман.

Фурсатдан фойдаланиб, анжуманда бевосита қатнашаётган ҳамкор давлатлар ҳамда нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар намояндаларига, етакчи олимлар ва экспертларга, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакилларига ташаккур изҳор этаман.

Саховатли Ўзбекистон заминига, қадимий Хива шаҳрига хуш келибсиз!

Қадрли меҳмонлар!

Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё минтақаси асрлар давомида турли халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётганини жаҳон ҳамжамияти яхши билади ва юксак эътироф этади.

Бундан уч минг йил муқаддам минтақада илк шаҳарлар ва давлатчиликнинг вужудга келиши бу ҳудудда янги ҳаётий тушунчалар ва фалсафий қарашларнинг, илм-фан, хусусан, тиббиёт ва астрономия, жўғрофия ва математика, геодезия, меъморчилик соҳаларининг, маданий-маърифий ва диний қадриятларнинг жадал тараққий этишига асос яратди.

Минтақамизнинг қадимий илм-фан, маданият ва цивилизация марказлари ҳақида сўз юритганда Самарқанд ва Бухоро, Ўтрор ва Хўжанд, Марв ва Ўш сингари ўнлаб шаҳарлар кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Шу билан бирга Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек сингари буюк олимлар, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Нажмиддин Кубро каби улуғ уламолар, Камол Хўжандий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Махтумқули, Абай, Тўқтағул, Бердақ сингари машҳур шоирлар, Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод каби мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг номларини тилга олишимиз табиийдир.

Мазкур халқаро форум минтақамизнинг кўҳна ва навқирон шаҳарларидан бири – икки минг йиллик шонли тарихга эга бўлган Хивада ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно мужассам.

Бугунги Форум Марказий Осиё давлатлари ва халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, минтақа халқларининг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаларини янада чуқур англаш ва ўрганишга имкон беради.

Ушбу халқаро маданият форуми доирасида Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Маданий мерос масалалари бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси кенгашининг йиғилиши, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) маданият вазирларининг навбатдаги мажлиси, Нукус шаҳрида “Археология ва туризм: салоҳиятни белгилаш ва меросдан фойдаланиш” халқаро археология анжумани ҳамда II Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг V халқаро конгресси ўтказилишини биз ана шу йўлдаги муҳим амалий қадамлар сифатида эътироф этамиз.

Муҳтарам дўстлар!

Биз минтақамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, маданий-гуманитар соҳаларни равнақ топтиришга хизмат қиладиган кенг кўламли лойиҳаларни бундан буён ҳам давом эттирамиз. Бу эзгу мақсадга фақат ўзаро ҳамкорликда, саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирган ҳолда эриша оламиз. Марказий Осиёнинг тарихий ва маданий муштараклиги, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий қадриятлари фаровон келажакни бунёд этишимиз учун мустаҳкам заминдир.

Бугун биз Янги Ўзбекистонда илм-фан ва маданият соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар орқали янги Уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратишга бел боғлаганмиз. Бу борада биз жаҳон ҳамжамияти билан, Сизлар каби кўзга кўринган илм-фан ва маданият намояндалари билан яқин ҳамкорлик муносабатларини амалга оширишдан манфаатдормиз.

Анжуманимизнинг барча иштирокчиларига мустаҳкам соғлиқ, Марказий Осиёнинг бетакрор маданияти ва санъати, илм-фан, моддий ва номоддий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлида куч-ғайрат ва янги ютуқлар ёр бўлишини тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти