Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Янги Ўзбекистонни юксак маданият ва маънавиятга эга бўлган, эркин ва бахтли инсонлар яшайдиган мамлакатга айлантириш учун “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастури ишлаб чиқилади.

Бу, аввало, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни давр талабларига мос равишда бойитиш ва ривожлантириш, шу орқали жамиятнинг маданий ва маърифий юксалишига эришиш имконини беради.

Ўз навбатида, бу жамият аъзоларининг онги ва тафаккурини, ҳаёт фалсафаси ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади.

Бунда, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш – олий мақсаддир.

Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт ва бадиий ижод соҳаларининг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва таъсирини янада оширишга қаратилган алоҳида дастурлар қабул қилинади.

Ижодкор зиёлиларга доимий эътибор қаратиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилашга  қаратилган ишлар давом эттирилади.

Маданият ва спорт муассасалари, театр ва музейларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Ҳудудларнинг маданий юксалиши, халқ ҳунармандчилигини равнақ топтиришга қаратилган манзилли ишларни тизимли асосда олиб борилади.

Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, фуқароларимизни турли мафкуравий таҳдидлардан, зарарли оқим ва ғоялардан ҳимоя қилиш масалалари бундан буён ҳам диққат марказида бўлади.

Муқаддас динимиз, эзгу фазилатларимизнинг мужассам ифодаси сифатида қадрланади. Юртимизда турли диний конфессиялар учун зарур  шароит яратишга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилади.

 

ЎзА