Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг фаол, прагматик ташқи сиёсати ҳақида ҳам алоҳида тўхталди.

– Ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқалар соҳасида сўнгги беш йилдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида, мамлакатимизнинг халқаро майдонда очиқ, ишончли ва ташаббускор давлат сифатидаги мақоми ва обрўси кескин ошди.

Биз Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги янги сиёсий муҳитни яратишга муваффақ бўлдик. Оддий фуқароларимизни узоқ йиллар қийнаб келган кўплаб муаммолар ечилди, дўст ва қардош халқларимизнинг ўзаро борди-келдилари тобора кучаймоқда.

Бу – бизнинг энг катта ютуғимиздир.

Қўшниларимиз билан савдо ҳажми беш йилда 5 баробар кўпайди, биргаликда йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Минтақа давлатлари етакчиларининг Маслаҳат учрашувлари мунтазам ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, дунёнинг қудратли давлатлари ва бошқа стратегик ҳамкорларимиз билан янги форматдаги амалий алоқалар йўлга қўйилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида аъзо сифатида фаол қатнашмоқдамиз. Бу ижобий жараёнлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигига бағишланган саммит ҳамда Ислом тараққиёт банки анжумани ҳам, бунинг исботи бўлди.

Биз, тизимли ва пухта ўйланган, прагматик ташқи сиёсий ва иқтисодий дипломатиямизни бундан кейин ҳам фаол давом эттирамиз.

Авваламбор, Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика ва транспорт, маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқамиз.

Келгуси беш йилда ўзаро савдо айланмаси ҳажми камида 2 баробар оширилади.  Саноатда қўшимча қиймат яратиш бўйича яхлит занжирларни ва кооперацияни мустаҳкамлаймиз. Транспорт соҳасида ташқи савдо учун, “яшил коридорлар” ҳамда транзит имкониятлари кенгайтирилади.

Халқ дипломатияси тамойилини, жумладан, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги алоқаларни кучайтириш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Шу мақсадда, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқамиз.

Россия, Хитой ва АҚШ, шунингдек, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари каби анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқаларимиз географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратамиз.

Бу йўналишда, энг аввало, иқтисодий дипломатияни кучайтиришга алоҳида урғу берамиз. Янги бозорларни ўзлаштириш, инвестиция ва инновацияларни кенг жалб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва энг муҳими – Ўзбекистон имижини фаол тарғиб этиш барча дипломатик ваколатхоналаримизнинг асосий вазифасига айланади.

Ушбу масалалар ҳозирги вақтда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолиятининг янгиланган концепциясида ўз ифодасини топади, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА