Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси тегишли ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим этди.
Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганганлиги ҳақидаги гувоҳномаларни олганидан сўнг, сайловчиларнинг имзосини тўплашга киришган эди.
Қайд этиш жоиз, сиёсий партия Ўзбекистон Президентлигига кўрстилган номзодни қўллаб-қувватлаб, жами сайловчиларнинг умумий сонидан камида бир фоизининг имзосини (тахминан 212 минг имзо) тўплаши керак.
Сайлов кодексининг 38-моддасига мувофиқ, сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. Имзо варақаси имзони тўплаган шахс томонидан ўз фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзоланади, шунингдек, тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари томонидан муҳр босиб тасдиқланади.
Сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилади. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Сайлов кодексининг 39-моддасига асосан сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида ўн беш фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши лозим.
Текшириш учун сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан тенг нисбатда танлаб олинади.
Нурилло Насриев, ЎзА