Марказий сайлов комиссиясининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросидан 9 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилди.

Хўш, ушбу халқаро ташкилотнинг асосий вазифаси нималардан иборат?

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини Бюронинг тўлақонли миссияси, яъни таркибида асосий гуруҳ (10-15 нафар эксперт), 28 та узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар орқали мониторинг қилиш тўғрисида хулоса қилинган.

Шуни қайд этиш лозимки, ДИИҲБнинг сайловларни кузатувчи миссияси бу – Бюронинг ушбу соҳадаги фаолиятининг энг кенг қамровли шаклидир. Миссия сайловнинг ўтказилишини унинг ЕХҲТ мажбуриятларига, демократик сайловларнинг бошқа халқаро стандартларига, шунингдек, миллий қонун ҳужжатлари қоидаларига мослиги нуқтаи назаридан баҳолайди. Бундан ташқари, миссия сайловларни ўтказиш соҳасини яхшилашга доир аниқ тавсияларни таклиф этади.

Миссия таркибига экспертларнинг асосий гуруҳи, шунингдек, узоқ муддатли кузатувчилар ва қисқа муддатли кузатувчилар киради. ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш услубиятларига мувофиқ, одатда СКМ овоз бериш кунидан 6–8 ҳафта олдин ишга киришади ва сайлов жараёнининг барча жиҳатларини кузатиб боради.

Бундай жиҳатлар жумласига қонунчилик базаси, номзодлар ва сайловчиларни рўйхатга олиш тизими, сайлов кампаниясининг бориши, оммавий ахборот воситаларининг роли (ОАВнинг кенг қамровли мониторингини қўшган ҳолда), сайлов округларининг иши, сайлов билан боғлиқ низоларнинг ҳал этилиши, аёллар ва миллий озчиликларнинг иштироки, овоз бериш, овозларни ҳисоблаш ва сайлов куни натижаларни ишловдан ўтказиш жараёни, шунингдек, сайловдан кейин берилган шикоятлар ва апелляцияларни қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш киради.

Сайлов кунигача СКМ оралиқ ҳисоботни эълон қилади, сайлов кунидан кейин дарҳол одатда ўзи билан сайловни кузатувчи миссияни ташкил этган ҳамкор ташкилот (ёки ташкилотлар) билан биргаликда тайёрланган дастлабки хулосалар тўғрисидаги баёнотни эълон қилади. Тўлиқ якуний ҳисобот мазкур сайлов жараёни тугаганидан тахминан икки ой кейин эълон қилинади. Якуний ҳисобот сайловларни ўтказиш жараёнини такомиллаштириш юзасидан муайян тавсияларни ўз ичига олади.

Сайловларни кузатиш миссиясининг (СКМ) асосий гуруҳи нима билан шуғулланади?

Биринчидан, матбуот учун ушбу СКМ фаолияти бошланганлиги тўғрисида эълон қилиб, баёнот чоп этади. Кўпчилик ҳолларда миссия раҳбари матбуот анжумани ўтказади.

Иккинчидан, сайлов кампаниясини мониторинг қилади ва баҳолайди. Сайловларга тайёргарлик қилиш жараёнларини кузатиб боради. Бу борада давлат органлари, сайловни ўтказувчи органлар, сиёсий партиялар, номзодлар, фуқаролик жамияти, шунигдек, кузатувчиларнинг бошқа гуруҳлари, маҳаллий дипломатик ҳамжамият ва халқаро ташкилотлар билан алоқа ўрнатади.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва норматив ­ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, сайловларга алоқадор бошқа қонунларни ўрганади. Сайлов компаниясини ЕХҲТ мажбуриятлари, бошқа халқаро стандартлар ва миллий қонун ҳужжатлари нуқтаи назаридан баҳолайди. Сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти гуруҳлари ёки экспертлар ва бошқа дахлдор ташкилотлари билан учрашувлар ўтказади.

 

Нурилло Насриев, ЎзА