Аввал хабар берганимиздек, “Янги Ўзбекистон” боғида давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбири давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари байрам тадбирида бу йил бўлиб ўтиши кутилаётган Президент сайловининг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

– Шу йил 24 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди.

Бу галги Президент сайловлари илк бор 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади. Бу сайлов барчамиз учун Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти қандай йўлдан боради, фарзандларимиз, оиламиз, мамлакатимиз келажагини қандай барпо этамиз, деган ҳал қилувчи саволларга жавоб берадиган ғоят муҳим сиёсий тадбирдир, – деди Президентимиз.

Тантанали байрам тадбири давом этмоқда.

ЎзА