Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирида Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда сўнгги йилларда қўлга киритилган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди.

– 2017-2020 йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш даражаси 18,3 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот 60 миллиард долларга етди.

Бу ҳақда гапирганда, ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 24 миллиард доллардан 2020 йилда 36 миллиард долларга кўпайганини таъкидлаш лозим.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 369 триллион сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 23,4 фоизга ўсди. Натижада саноат маҳсулотларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 19,5 фоиздан 27,4 фоизга кўтарилди. Иқтисодий соҳани, жумладан, божхона тартибларини либераллаштириш туфайли 2020 йилда экспорт ҳажми 15,1 миллиард долларни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 25 фоизга ўсди.

Ислоҳотларимиз самарасининг турли халқаро рейтингларда тан олиниши мамлакатимиз учун халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятини яратди.

Жумладан, жорий йилда 635 миллион долларлик ва 2,5 триллион сўмлик давлат еврооблигациялари, Ипотека банкининг 785 миллиард сўмлик ва “Ўзавтомоторс” акциядорлик жамиятининг 300 миллион долларлик корпоратив облигациялари чет эл инвесторларига сотилди.

Сармоядорларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига бўлган ишончини кескин оширишга муваффақ бўлдик. Инвестицияларнинг умумий ҳажми қисқа муддатда 2,1 мартага, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳажми 3 баробарга яқин ўсгани ҳам бунинг исботидир. Ўтган уч йил мобайнида солиқ соҳасида янги тизим жорий этилди. Солиқлар сони сезиларли даражада камайтирилди, айланма маблағдан олинадиган солиқлар бекор қилинди.

Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиб, ушбу солиқ занж́ирининг яхлит тизими яратилди. 2017-2020 йилларда банкларимиз капиталини 5,7 баравар ёки 5 миллиард долларгача оширишга эришдик.

Электроэнергетика, нефть-газ, коммунал соҳаларда амалга оширилган таркибий ўзгаришлар натижасида давлат бошқаруви ва хўжалик функциялари бир-биридан ажратилди, рақобат муҳитини яратиш учун муҳим қадамлар ташланди.

Айни пайтда янги-янги инфратузилма тармоқлари барпо этилди. Минглаб километр узунликдаги янги йўллар, электр ва газ тармоқлари қурилди ва таъмирланди.

Жамоат транспорти изчил ривожланмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида 2 та янги метро станцияси ҳамда қарийб 12 километрлик ер усти метро линияси фойдаланишга топширилди. “Сергели” йўналиши бўйича 6,2 километрлик қурилиш ишлари якунланди, – деди давлатимиз раҳбари.

Тантанали байрам тадбири давом этмоқда.

ЎзА