Пойтахтимиздаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасидаги амфитеатрда Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган байрам шодиёналари бошланди.
Унда сенаторлар, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, илм-фан, маданият соҳаси фидойилари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев байрам нутқини сўзламоқда.
Мустақиллик байрами – бу қутлуғ кун шукуҳи неча йил ўтса ҳамки қадрини йўқотмайди. Тириклик қадар мангу давом этади. Халқимизнинг, ота-боболаримизнинг кўп йиллик орзуси ушалганига – Ватанимиз озодликни қўлга киритганига ҳам 30 йил бўлди. Мустақил ўтган йиллар сарҳисоби беҳисоб ва мазмунли. Биргина кейинги, хусусан, 2021 йилда амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўлами ҳам ғоят кенгдир.
– Кўп миллатли Ўзбекистон халқи жонажон Ватанимиз истиқлолининг шонли ўттиз йиллик тўйини зўр шоду хуррамлик билан нишонламоқда. “Янги Ўзбекистон” деб ном олган мана шу муаззам боғда биз бугун биринчи марта Мустақиллик байрамини ўтказмоқдамиз. Шу муносабат билан сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг самимий ва эзгу тилакларимни билдираман, – деди давлатимиз раҳбари.
Тантанали байрам тадбири давом этмоқда.
ЎзА