Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишини комиссия раиси З.Низомхўжаев олиб борди.
Тадбирда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳларини тузиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш,оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳларини тузиш масаласига эътибор қаратилди.
Сайлов кодексининг 39-моддасига биноан, сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида ўн беш фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши лозим.
Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар органларининг, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.
Агар Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади. Агар қўллаб-қувватловчи шахсларнинг (сайловчиларнинг) имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас, деб топилади.
Мазкур ҳолда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияга Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни ёки Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида иштирок этиш ҳуқуқини рад этади.
Мажлисда Президент сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Сайлов кодексининг 33-моддасига мувофиқ, сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади. Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилади.
Манфаатдор ташкилотдан ариза олинганидан кейин беш кун ичида сайлов комиссияси кузатувчи учун мандат беради. Бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросидан 3 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилди.
Шунингдек, мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ 36 нафар маҳаллий ОАВ вакили рўйхатдан ўтказилди. Қайд этиш жоиз, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари сони 766 нафар, хорижий ОАВ вакиллари сони 48 нафарни ташкил этмоқда.
Мажлис давомида Т.Холдаровни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги қарор лойиҳаси кўриб чиқилди. МСК қарорига биноан Топиболди Холдаров вафоти сабабли Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатидан чиқарилди.
Мажлис сўнггида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Нурилло Насриев, ЎзА