Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев янги йирик саноат қувватларини ишга тушириш, шунингдек, мавжуд корхоналар фаолияти билан танишиб, аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида 27 август куни Навоий вилоятида бўлди.

Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида Навоий вилояти Кармана туманида мамлакатимиздаги илк қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Бугунги кунгача газ, нефть каби углеводородлар энергиясидан фойдаланиш кенг тарқалган. Лекин уларнинг захиралари чекланган. Шу боис мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари ривожлантирилмоқда.

Маълумки, юртимизда бир йилда ўртача 320 қуёшли кун кузатилади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда қуёш станцияларини қуриш орқали жами 600 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти бор. Бу – мамлакатимизнинг энергияга бўлган жами эҳтиёжидан 8 баробар кўп энергия ишлаб чиқариш мумкин, дегани.

Шу боис хорижий инвесторлар жалб этилиб, кўплаб қуёш электр станциялари қурилмоқда. Кармана туманидаги станция улардан биринчисидир.

Мазкур мажмуа қурилиши ўтган йили бошланган эди. 110 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилди. Унинг қуввати 100 мегаватт.

– Ушбу станция янги Ўзбекистон энергетика тизимида биринчи улкан қадам, таъбир жоиз бўлса, “биринчи қалдирғоч” бўлиб, соҳа ривожида мутлақо янги даврни бошлаб бермоқда. Бу ерда йилига 252 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг ҳисобидан 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна буғланувчи газлар чиқишининг олди олинади, – деди Шавкат Мирзиёев.

«Nur Navoiy solar» номли ушбу лойиҳа Бирлашган Араб Амирлигининг «Масдар» компанияси томонидан амалга оширилди. Президентимиз мазкур давлат билан ўзаро ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Биргина энергетика соҳасида умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард доллар бўлган 1 минг 700 мегаваттли 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, Навоий вилоятининг ўзида 2023 йилда “Масдар” компанияси билан ҳамкорликда 500 мегаваттли шамол станцияси ва “Фанес групп” иштирокида 200 мегаваттли қуёш станцияси барпо этилади.

Давлатимиз раҳбари фотоэлектр станцияси қурилишида иштирок этган хорижий инвесторлар, барча қурувчи ва мутахассисларга миннатдорлик билдирди.

Бу станциянинг аҳамияти шундаки, аҳоли ва саноатнинг ўсиб бораётган эҳтиёжини барқарор энергия билан таъминлайди. Нархи ҳам арзон – 1 киловатт-соат учун 2,67 АҚШ центи.

Яна бир муҳим жиҳати, бундай лойиҳалар туфайли юртимизда янги ишлаб чиқариш йўналишлари, замонавий технологиялар пайдо бўлмоқда.

Хусусан, мазкур станция қурилиши учун “Ўзэлектроаппарат” корхонасидан электротехника жиҳозлари, “Ўзбеккабель”, “Эйч-Пи-Си системс” корхоналаридан кабеллар, Бектемир металл конструкциялари заводидан таянч устунлар келтирилган.

Умуман, бундай йирик лойиҳалар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун йилига камида 1 миллиард долларлик янги бозор, электротехника кластери ташкил этиш учун пухта замин яратади.

Ушбу кластерда қуёш панеллари, кабель маҳсулотлари, трансформаторлар, аккумуляторлар, электр двигателлар, шамол электр станцияси учун генератор ва таянч ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мумкин. Бу минглаб янги иш жойлари деганидир.

Мамлакатимиз иқтисодиёти жадал ривожланиб, унинг таркибида саноат улуши ортиб бормоқда. Аҳоли турмуш даражаси ўсиб, электр техникаларидан фойдаланиш кўпаймоқда. Хусусан, сўнгги 5 йилда электр энергияси истеъмолчиси бўлган тадбиркорлар сони 25 фоизга, уларнинг истеъмол ҳажми эса 30 фоизга кўпайган.

Президентимиз иқтисодиёт, жумладан, энергетикани ривожлантиришга қаратилган режаларни ҳам айтиб ўтди.

– Келгуси 5 йилда иқтисодиётимиз ўсишини 1,5 баробарга ошириб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 100 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз. Бу борада ўрта ва йирик шаклдаги минглаб янги саноат корхоналари ишга туширилиб, электр энергиясига эҳтиёж 100 миллиард киловатт-соатга етади. Бу рақам ҳозиргидан 30 миллиард киловатт-соатга кўп дегани.

Шунинг учун электр энергияси соҳасида янги ислоҳот ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича жуда катта режаларни белгилаб олганмиз. Жумладан, келгуси 5 йилда қиймати 6,5 миллиард доллар бўлган 19 та лойиҳа ҳисобидан қўшимча равишда 11 минг 500 мегаватт янги қувватлар ишга туширилади. 2030 йилга бориб электр энергияси ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланувчи манбалар улуши 30 фоиздан ортади. Электр энергиясини ҳудудларга етказиш учун 500 ва 220 киловольтли 3 минг километр янги электр тармоқлари барпо этилади, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу билан бирга, бугунги кунда паст кучланишли тармоқларнинг 66 фоизи, подстанцияларнинг 74 фоизи ва трансформатор пунктларининг 50 фоиздан кўпроғи эскирган. Шу боис келгуси беш йилда жами 70 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари, 22 минг дона трансформатор ва 100 дан ортиқ подстанциялар янгиланиши қайд этилди.

Марказий Осиё мамлакатлари ягона энергетика занжирини ташкил этиш ва бу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича иш олиб бормоқда. Шу мақсадда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилиши, минтақа энергия тизимини ўзаро боғлайдиган қўшимча магистрал тармоқлар қурилиши маълум қилинди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев рамзий дастакни ҳаракатга келтириб, қуёш фотоэлектр станциясини ишга туширди.

Тадбирда иштирок этган муҳандис ва қурувчилар, навоийлик нуронийлар ва ёшлар, шунингдек, хорижий инвесторлар сўзга чиқиб, янги станциянинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев «Навоийазот» акциядорлик жамиятига ташриф буюрди. Бу ерда бир йўла иккита завод – азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналарининг очилиш маросими бўлди

Кимё саноати мамлакатимиз иқтисодиётида асосий драйверлардан бирига айланмоқда. Илгари бу тармоқ асосан қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғитлар ишлаб чиқариб, бундай маҳсулотларнинг улуши соҳада қарийб 80 фоизни ташкил этар эди. Бугунги кунда замонавий полимерлар ишлаб чиқарилаётгани ҳисобидан минерал ўғитлар улуши 10 фоизга қисқарди, бошқа соҳалар учун тайёрланаётган маҳсулотлар ҳажми эса 6 марта ошди.

Кейинги беш йилда “Ўзкимёсаноат” тизимида товар маҳсулотлари ҳажми 4 марта ошди, кимёвий маҳсулотлар экспорти 250 миллион долларга етмоқда.

Бунда «Навоийазот» акциядорлик жамиятининг ўрни жуда катта. Бу ерда мамлакатимиз кимё саноати маҳсулотларининг қарийб ярми ишлаб чиқарилади, 9 мингга яқин муҳандис, технолог ва моҳир ишчилар меҳнат қилади.

Янги ишга туширилган азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид корхоналари соҳа ривожига қўшимча суръат беради. Умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар “Навоийазот”да маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириб, бу кўрсаткични йиллик 150 миллион доллардан 410 миллион долларгача олиб чиқади.

Ўзбекистонга биринчи марта олиб келинган, энг илғор технологиялар билан жиҳозланган ушбу замонавий мажмуалар 60 йил аввалги эски қувватлар ўрнини тўлиқ эгаллайди.

Хусусан, биринчи корхонада йилига 660 минг тонна аммиак ва 578 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Бунда бир тонна аммиак ишлаб чиқариш учун энергия сарфи 2,5 марта камаяди.

Иккинчи корхонада эса йилига 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқарилиб, электр энергияси сарфи 18 марта қисқаради.

Фақатгина ана шу иккита лойиҳа эвазига ишлаб чиқарилаётган азотли ўғит таннархи 30 фоизга пасаяди.

– Бу рақамлар ортида корхонанинг минглаб меҳнатсевар, фидойи ишчилари, юқори малакали мутахассисларнинг машаққатли, айни вақтда шарафли меҳнати мужассам, – деди Шавкат Мирзиёев. Ва уларга миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид корхоналарини ишга туширди.

2019 йил 28 декабрь куни Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилган эди.

Бугун поливинилхлорид корхонасининг иккинчи босқичи қурилиши бошланди. 400 миллион доллар қийматга эга бўлган ушбу лойиҳа поливинилхлорид ишлаб чиқариш қувватини йилига 100 минг тоннадан 220 минг тоннага, каустик содани эса 75 минг тоннадан 165 минг тоннага етказиш имконини беради. Шу тариқа электротехника, мебелсозлик, қурилиш материаллари саноати, маиший кимё ва бошқа соҳаларда йилига талаб юқори бўлган 210 миллион долларлик маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилда ишга тушириш мўлжалланган.

Муҳим томони – бу корхона орқали “Навоийазот” ва “Электр кимё заводи” негизида йирик, ўзаро интеграция қилинган кимё кластерини ташкил этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари ушбу кластер салоҳияти, истиқболини алоҳида таъкидлаб ўтди.

– Бу кластерда яқин йилларда умумий қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган 23 та лойиҳа амалга оширилади. Кластер доирасида 33 турдаги юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Хусусан, йил якунига қадар кластер доирасида кимё, чарм, мебелсозлик ва қурилиш материаллари саноати учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган 2 та лойиҳа ишга туширилади. Энг муҳими, шу асосда “Навоийазот”да қўшимча 3 мингтадан зиёд янги иш ўринлари очилади, – деди Президент.

Мамлакатимиздаги иқтисодий лойиҳалар ўзаро оқилона боғланган ва бир-бирини тўлдиради. Масалан, 2030 йилгача 8 минг мегаватт қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган бўлиб, бу йилига 5 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш имконини беради. Бу газ эса қайта ишланиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрланади.

– Биз илгари асосан пахта билан газ сотардик. Ҳозир четга сотмаяпмиз, ўзимизда қайта ишлаяпмиз. Керак бўлса, газ сотиб олаяпмиз. Нимага? Корхоналар кўпаяяпти, маҳсулот кўпаяяпти, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу мақсадда келгуси йилларда 6 та кимёвий технологик кластер ташкил этиш режалаштирилган. Улардан биринчиси мазкур «Навоийазот»дагиси.

Иккинчи кластер Бухоро вилоятида жойлаштирилади ва у ерда табиий газдан полиэтилентерефталат (ПЭТ), поливинилацетат (ПВА), полипропилен ҳамда бошқа полимерлар ишлаб чиқарилади. Улар асосида тайёр маҳсулот ва буюмлар чиқарадиган ўнлаб замонавий корхоналар ташкил топади.

Учинчи кластер Қашқадарё вилоятида Шўртан газ-кимё комплекси ва Деҳқонобод калий заводи негизида бўлади. Унда ювиш ва маиший кимё воситаларининг асосий компонентлари, бимодал полиэтилен ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

“Фарғонаазот” негизида бўладиган тўртинчи кластерда лок-бўёқлар, мебель учун меламин, тўқимачилик саноати учун сунъий толалар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Бешинчи кластер Қорақалпоғистон Республикасида, Устюрт ҳудудида жойлаштирилади. Унда кальцийланган сода, поливинилхлорид, полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарилади.

Олтинчи кластер Тошкент вилоятида ташкил этилади. Унда моноаммонийфосфат, олтингугуртли карбамид, бошқа фосфорли ва азотли минерал ўғитлар, протеин, ювиш воситалари тайёрланади.

Бу лойиҳалар натижасида 2026 йилга бориб кимёвий товар маҳсулотлари ҳажми жорий йилга нисбатан 3 марта ортади ва 2030 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 7 фоизини ташкил этади.

Давлатимиз раҳбари бу соҳадаги улкан лойиҳалар учун малакали мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

Шу мақсадда Тошкентдаги Улуғбек шаҳарчасида кимё соҳасида илмий ва таълим кластери ташкил этилади. Бу кластер 4 та олий таълим муассасаси ва кимё бўйича замонавий илмий-тадқиқот марказини қамраб олади.

Давлатимиз раҳбари поливинилхлорид ишлаб чиқариш лойиҳасининг иккинчи босқичи қурилишига тамал тоши қўйди.

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи чоғида олис Томди туманига ҳам борди. Навоий кон-металлургия комбинатининг техноген чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан танишиб, одамлар билан суҳбатлашди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгунга қадар Навоий кон-металлургия комбинатида 2 та завод бўлган бўлса, ундан кейинги йилларда 4 та гидрометаллургия заводи қурилди. Натижада рудани қайта ишлаш ҳажми 3 мартага, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага ошди. Бу жараёнда, ўз ўзидан, тоғ массасини қазиб чиқариш ҳам кўпаяди ва катта ҳажмда чиқиндилар ҳосил бўлади.

Янги корхона ушбу техноген чиқиндилардан олтин ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Шу боис у 7-гидрометаллургия заводи деб ҳам аталади.

Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастурига мувофиқ, умумий қиймати 3,4 миллиард долларлик 27 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Мазкур завод ушбу лойиҳалардан биридир.

Умумий қиймати қарийб 200 миллион доллар бўлган ушбу корхона йилига 15 миллион тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаб, 7 тоннадан ортиқ олтин ишлаб чиқариш қувватига эга. Эътиборлиси, бунда фойдаланиладиган чиқиндилар 2040 йилгача етади.

Завод қурилишида енгил конструкциялар ва энергиятежамкор технологиялардан фойдаланилган. Илгари четдан олиб келинадиган кўплаб асбоб-ускуна ва бутловчи материаллар маҳаллийлаштирилган. Хусусан, улар Навоий машинасозлик заводи ва кон бошқармаларидаги цехларда тайёрланмоқда. Кимёвий ишлов бериш жараёнида ҳам маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланилмоқда.

Булар таннархни янада арзонлаштиришда муҳим омил бўлаётир.

Корхонада 1 минг 100 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланди. Бу ерга Навоий давлат кончилик институтини тугатган ёш мутахассислар ва маҳаллий аҳоли қабул қилинди.

Президентимиз корхона жамоаси, томдилик фаоллар, ёшлар билан суҳбатлашди.

– Сўнгги 4 йилда мамлакатимизда ер ости бойликларини ўзлаштириш ишлари 30 фоизга ошди. Саноатимизга янги, илғор технологиялар кириб келди. Энг муҳими, бу замонавий корхоналарда ишлай оладиган билимли мутахассислар етишиб чиқаяпти. Давлатимиз учун ер ости бойликларидан ҳам қадрли бойлик бу – сизларсиз, – деди Шавкат Мирзиёев ёшларга қарата.

Шу ерда Навоий кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари журналистлар билан ҳам мулоқотда бўлиб, бугун ишга туширилган корхоналарнинг иқтисодий самарадорлиги, саноат соҳасидаги режалар ҳақида сўзлаб берди.

Шунинг билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи якунланди.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

Абдували БЎРИЕВ,

ЎзА мухбирлари