Бугунги видеоселектор йиғилишида қайд этилишича, Гулистон шаҳрида барча кўп йиллик дарахтлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг паспорти қилинган.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев шу борадаги тажриба ҳақида сўзлаб берди.

Президент Экология қўмитаси ва Кадастр агентлигига йил якунига қадар дарахтларни бино ва иншоотлар мулкдорларига бириктириш ва кадастр паспортини тақдим этиш тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берди.

Яна бир масала, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва жавобгарлик кескин кучайтирилади.

Маълумотларга кўра, ўтган 6 ойда 316 минг дона қимматбаҳо дарахт асраб қолинган. Бироқ, шунга қарамасдан, ўтган даврда 2,8 мингта қимматбаҳо ва 2 мингдан зиёд кам қимматли дарахт ноқонуний кесилган. Жумладан, бундай ҳолатлар Сурхондарё, Жиззах, Хоразм, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида энг кўп қайд этилган.

Шу боис, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида “экология полицияси” ташкил этилади. Унинг зиммасига экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан, дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши профилактика вазифалари юклатилади.

“Экология полицияси” Ички ишлар тизимида фаолият юритади,

унинг фаолияти ўзи аниқлаган ҳуқуқбузарликлардан ундирилган жарималар ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

Ушбу янги тизим фаолиятини йил якунига қадар йўлга қўйишга ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев шахсан масъул бўлади.

Шу билан бирга, экология соҳасида қўлланиладиган жарималар миқдори 5 баравар, етказилган зарар учун компенсация миқдори 2 баравар оширилади.

– Барча раҳбарлар бир нарсани аниқ эшитиб олсин. Бундан буён бирорта яшил ҳудуд ва жамоат паркида ҳар қандай дарахтларни кесиш қатъиян тақиқланади, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА