Хабар қилганимиздек, айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва вилоят ҳокимлари қуйидаги йўналишларда тизимли ишларни ташкил этиши зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Биринчидан, октябрь-ноябрь ойларида 55 миллион дона, келгуси йил баҳор мавсумида автомобиль йўллари, дала четлари, барча аҳоли масканларида 70 миллион дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек, тез ўсувчи ва бошқа кўчатларни экиши шартлиги қайд этилди.
Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Жиззах ва Сурхондарё – 11 миллиондан, Андижон, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Фарғона – 10 миллиондан, Наманган, Тошкент вилояти ва Хоразм – 9 миллиондан, Сирдарё – 7,5 миллион, Тошкент шаҳрида– 1,1 миллион туп кўчат экилиши зарур.
Президент Чироқчи туманидан ўтувчи “Самарқанд – Қарши” магистрал йўлининг 35 километр узунликдаги қисмининг ҳар икки томонида томчилатиб суғориш йўли билан 30 минг туп манзарали дарахт экилганини қайд этди. Ушбу дарахтларни парваришлаш учун Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 140 нафар маҳаллий аҳоли жалб қилинган. Натижада 90 фоиз экилган дарахтлар кўкарган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 75 километр шаҳар ирригация тизимини қайта тиклаш орқали сўнгги 2 йилда дарахтларнинг қуриб қолиши 90 фоизга камайган ҳамда шаҳардаги ҳаво ҳарорати 2 даражага пасайган.
Лекин, бошқа ҳудудларда экилаётган дарахтлар парвариш қилинмагани ёки суғориш тизими издан чиққани боис, 60-70 фоиз дарахтлар қуриб қолмоқда. Мисол учун, Нукус шаҳрида – 70 фоиз, Навоий шаҳрида – 65 фоиз, Наманган ва Фарғона шаҳарларида – 60 фоиз ирригация тармоқлари ишдан чиққан.
ЎзА