Президент Шавкат Мирзиёев раислигида айни пайтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида қайд этилишича, сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган.

Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади.

Шу билан бирга, ҳудудларда яшил майдонлар 3-4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетган (30 фоиз бўлиши керак). Бу кўрсаткич Жиззах ва Бухорода – 8,5 фоиздан, Тошкент шаҳрида – 9 фоиз, Сирдарё ва Хоразмда – 11 фоиздан.

Ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, Тошкент шаҳрида ер ости сув сатҳи – 7 метргача, Жиззах шаҳри ва Ғаллаоролда – 4 метрга, Чирчиқ конида – 8 метрга, Ўш-Араван конида – 10 метрга, Шаҳрисабз конида – 14 метргача тушиб кетган.

Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича 62 та лойиҳадан бор-йўғи 15 тасига тадбиркор жалб қилинган. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари, бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмаган.

 

ЎзА