Бугун Ўзбекистон паралимпия спорт делегацияси жорий йилнинг 24 август – 5 сентябрь кунлари Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XVI ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун кунчиқар юртга йўл олди.

Шу муносабат билан пойтахтимиздаги Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитасида матонат ва ирода тимсоли бўлган спортчиларимизни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари, спорт фахрийлари XVI ёзги Паралимпия ўйинларининг мамлакатимиз спорт ҳаётидаги аҳамияти, кучли ирода ва шижоат тимсоли бўлган параатлетларимизнинг мазкур нуфузли мусобақа йўлланмаларини қўлга киритиш йўлидаги жонфидолиги миллионлаб ёшларимизга ибрат мактаби эканлигини таъкидлашди.

Мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган инсонларга спорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароит яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирокини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг тизимли олиб борилаётганлиги натижасида параспортчиларимиз нафақат спорт мусобақаларида, балки оддий ҳаёт зайлида ҳам соғлом турмуш тарзи тамойилларининг катта тарғиботчилари бўлиб майдонга чиқди. Қолаверса, улар халқаро мусобақаларда, олимпия ва қитъа ўйинларида Ватанимизнинг спорт салоҳиятини юксалтириб келмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажагига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган, спорт майдонларида юрт байроғини сарбаланд этиш орзу-истакларини қалбига жо этган 48 нафар параспортчимиз эпидемиологик мураккаб вазиятга қарамасдан 16-паралимпия ўйинларининг 55 та йўлланмасини қўлга киритганлиги Ўзбекистон спорт тарихида эътиборли воқелик бўлди. Паралимпиячиларимиз Токио спорт майдонларида 8 та спорт турида ғолиблик учун кураш олиб боришади.

– Бу йил карантин чекловлари бўлишига қарамасдан давлатимиз томонидан биз, спортчиларга машғулотларда қатнашиш, паралимпия саралаш мусобақаларида иштирок этиб, йўлланмаларни қўлга киритишимиз борасида барча шарт-шароит яратиб берилди. Ўтган йили Доҳада ўтказилган олимпия саралаш турнирида Токио йўлланмасига сазовор бўлгандим. Мақсадим Токио ўйинларида ғолиб чиқиш.

Агар шоҳсупадан жой эгалласам, ғалабам шарафига Ўзбекистон байроғи кўтарилса, бу дунёда мендан бахтли инсон бўлмайди, – дейди ҳаяжон билан пара енгил атлетиканинг ядро улоқтириш йўналиши бўйича терма жамоа аъзоси Муҳаммад Рихсимов.

Тадбир давомида, шунингдек, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Б.Махситов, спортчи Н.Қурбонова ва бошқалар сўзга чиқиб, Токиода ўтказилаётган паралимпия мусобақаларида мамлакатимиз спорт шарафини улуғлашга отланган делегация аъзоларига омадлар тилади.

Токио шаҳрига йўл олаётган мамлакатимиз спорт делегациясини кузатиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувохитов иштирок этди.

 

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА