Сайлов – 2021
Ташқи ишлар вазирлигида 11 август куни “Хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг сайловда иштирокини таъминлаш: меъёрий-ҳуқуқий асослар, имкониятлар ва механизмлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазирлик ходимлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, талабалар иштирок этди.
Давра суҳбатини ташқи ишлар вазири ўринбосари Ф.Сидиқов очиб, бўлажак муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори даражада ташкил этиш, хорижда яшаётган мамлакатимиз фуқароларининг ушбу тадбирда фаол иштирокини таъминлашда дипломатик ваколатхоналаримиз зиммасида масъулиятли вазифа турганини таъкидлади.
Сайловни юксак савияда ташкил этиш, хусусан, хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг мазкур сиёсий тадбирда кенг иштирокини таъминлаш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 38 мамлакатдаги 55 та дипломатик ваколатхона ҳамда ушбу давлатларнинг 128 шаҳарида, шунингдек, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари бўлмаган 11 давлатда жами 316 та кўчма сайлов участкалари ташкил этилиши режалаштирилган. Ҳозирда дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистон Президенти сайловини хорижда юқори савияда ташкил этиш мақсадида маҳаллий ҳокимият, диаспорал ташкилотлар ва ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ишлайдиган корхоналарда учрашувлар ўтказилмоқда.
Хорижий давлатлар Ўзбекистон халқи ҳаётидаги ушбу муҳим сиёсий тадбирга муддатидан олдин овоз бериш жараёнини ташкил этиш борасида ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Дипломатик ваколатхоналар тўплаган маълумотлар асосида чет элдаги сайловчиларнинг бирламчи рўйхати шакллантирилган. Улар томонидан чет элдаги 151 та ўзбек диаспорал ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатилди.
Тадбирда Марказий сайлов комиссиси раиси З.Низомхўжаев сўзга чиқиб, янги Ўзбекистон юксалиши жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётни ва оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш, жамиятни демократлаштириш каби масалалар ислоҳотларнинг устувор йўналишларига айланганини таъкидлади.
Бўлажак сайлов очиқ-ошкора, умумэътироф этилган демократик тамойиллар ва мезонлар асосида ўтиши учун пухта тайёргарлик кўрилгани, жумладан, миллий сайлов қонунчилиги такомиллаштирилгани қайд этилди.
Ўзбекистон сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, қабул қилинган янги Сайлов кодекси, турли сабабларга кўра хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг сайловда иштирок этишига оид тартиб-қоидалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари сайлов бўйича етарли ахборотга эга эмаслиги, шу боис дипломатик ваколатхоналар уларнинг ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, овоз бериш жараёнида фаол иштирок этишини таъминлаш учун зарур тарғибот-тушунтириш ишларини йўлга қўйиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Тадбирда иштирокчилар, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Матназар Элмуродов, ЎзА