Интернет тармоқларида Тошкент юридик коллежининг собиқ директори Наталья Темирова билан боғлиқ кўплаб ва турли хил хабарлар тарқалмоқда. Бунга расмий равишда ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза Раҳимовага мурожаат қилдик.
– Тошкент юридик коллежи ўқувчилари дарс вақтида коллеж ҳовлисида ўзаро жанжаллашиб, пичоқбозлик қилиши оқибатида уларнинг бири вафот этгани, бири эса оғир тан жароҳати олгани кўпчиликнинг қалбини ларзага солган эди.
Президентимиз ҳам бу воқеага эътибор қаратиб, коллеж собиқ директори Темирова ушбу ҳолатга йўл қўйгани ҳамда жуда кўп миқдорда коллеж маблағларини ўзлаштириш, мансабини суиистеъмол қилиш каби жиноятларни содир этгани учун бугун қонун олдида жавоб беряпти, деб қайд этган.
Ҳақиқатан ҳам содир бўлган мудҳиш воқеадан кейин Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур коллежда текшириш ўтказилди. Натижада бу ўқув масканида бошқа жиноятлар содир бўлаётгани ҳам аниқланди ва жиноят иши қўзғатилди.
Суриштирув давомида коллеж собиқ директори Наталья Темирова ва бошқалар давлат бюджети маблағларини йирик миқдорда талон-тарож қилиш, юридик коллежга ноқонуний йўл билан ўқишга кирган талабаларга дипломлар бериш каби ҳолатларга йўл қўйгани маълум бўлди.
Мазкур жиноят ишига алоқадор бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айланаётган Н.Темировага нисбатан 2017 йил 25 ноябрь куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА