Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Экология ва тупроқшунослик кафедраси докторанти Маҳмуд Алламуратов ва яна бир неча олим томонидан саноат чиқиндилари асосида Орол денгизи ҳудудидаги қум ва тупроқни қотирувчи полимер реагентлар ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган илмий ишлар ижобий самара берди.
Орол денгизининг қуриши, айниқса, минтақа халқларининг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Маълумотларга қараганда, денгиз қуриши ва шўрланишнинг тезлашуви оқибатида сўнгги йилларда 50 минг гектарга яқин экин майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди. Бу муаммони чигаллаштирадиган ҳолат шундан иборатки, қуриган денгиз ўрнида 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллаган «Ёш Оролқум» саҳроси пайдо бўлди.
Кўпгина давлатларда қумни қотириш, тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида турли органик кимёвий қўшимчалардан, қоғоз ва целлюлоза саноати чиқиндилари, гидролизланган полиакрилонитрил, лигносульфонат каби бирикмалардан фойдаланилади. Лекин, қўлланилаётган кимёвий реагентлар қиммат, олиш жараёни мураккаб, заҳарли, шунингдек, Орол денгизи минтақасининг иқлим шароитига чидамсиздир.
Мустақиллик йилларида Орол денгизи муаммосига алоҳида эътибор берилиб, қумни қотирувчи, тупроқнинг тузилмасини яхшилаб, унинг унумдорлигини оширувчи кимёвий бирикмалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу йўналишидаги илмий изланишлар юқори даражада ташкил этилиб, кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди ва муайян натижаларга эришилди. Хусусан, маҳаллий хомашё асосида синтез қилинган, таркибида азот, фосфор ва бошқа микроэлементларни сақлаган кимёвий барқарор, механик мустаҳкам структура ҳосил қилувчи полимер реагентлар тадқиқотига қаратилган илмий ишлар амалга оширилаётир.
Бироқ, бугунги кунда арзон, экологик хавфсиз, маҳаллий хомашё ва саноат чиқиндилари асосида Орол денгизи минтақасининг оғир иқлим шароитига чидамли қум ва тупроқни қотирувчи кимёвий реагентлар ишлаб чиқиш жуда долзарб муаммодир. Қорқалпоғистонлик олимлар бунинг уддасидан чиқди.
Тадқиқот давомида маҳаллий хомашё ва саноат чиқиндилари асосида ишлаб чиқилган қотирувчи реагентлар ишлаб чиқиш ва қўллаш технологияси Орол денгизи минтақасидаги бир қанча агрофирма ва ўрмон хўжалиги объектларида жорий этилди.
Ишлаб чиқарилган полимер қотирувчи реагентлар Орол денгизи минтақасида учар қум ва шўрланган тупроқ зонасида қўлланганда тупроқнинг ҳосилдорлиги ошиб, заҳарли қум-туз бўҳрони кўтарилиши камайишига эришилган.
Ҳозирги кунда синтез қилинган полимерларни ишлаб чиқариш ва амалиётда қўллаш бўйича технологик регламентлар ишлаб чиқилди, уларни кенг саноат миқёсида амалиётда қўллаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига, Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалигига, шунингдек, бир қанча агрофирмаларга тавсия этилди.
Яхши ниятлар билан бошланган мазкур иш Орол денгизи минтақасидаги экологик, ижтимоий, технологик ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.