2021 йил 30 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Сенат Раиси Т. Норбоева олиб борди.

Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Дастлаб сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида кўтарилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижроси доирасида Самарқанд вилоятида ичимлик суви таъминоти объектларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш ишларида йўл қўйилаётган камчиликлар тўғрисидаги масала юзасидан Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганиш натижаларини кўриб чиқди.

Мажлисда мазкур ўрганиш натижалари ҳақида Қўмита раиси Э. Гадоев маълумот берди.

Шундан сўнг ялпи мажлис кун тартибидаги биринчи масала – “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция (Тошкент, 2021 йил 15-16 июль) якунларидан келиб чиқадиган вазифалар кўриб чиқилди.

Сенаторларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтказилган Тошкент конференцияси тарихий воқеага айланиб, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини ривожлантиришнинг концептуал янги шарт-шароитларини яратди.

Қолаверса, минтақавий ривожланишда юзага келаётган тенденцияларни англаб етиш, ҳамкорликнинг асосий истиқболларини аниқлаб олиш ҳамда Жанубий ва Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқликка эришишда ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш имконини берди.

Қайд этилганидек, анжуман мақсадларига эришиш парламент дипломатияси ресурсларидан фаол фойдаланишни талаб қилади. Парламент аъзолари минтақаларнинг салоҳиятини бирлаштиришга кўмаклашишлари мумкин ва буни амалга оширишлари керак. Бу эса минтақаларнинг барқарор ривожланиши, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва хавфсизлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланади.

Шу ўринда Сенат қарорида парламент юқори палатаси фаолиятининг давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни парламентлараро ҳамкорлик механизмлари орқали фаол тарғиб этиш, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, инновациялар ва “яшил” технологияларни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, экологик муаммолар ҳамда табиий офатларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишга кўмаклашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишлар белгиланган.

Бундан ташқари, парламент дипломатияси ҳамда парламент назоратининг тегишли механизмлари белгиланди. Хусусан, ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари билан халқаро шартномаларини кенгайтириш, халқаро муносабатларни ривожлантириш дастурлари ва режаларининг бажарилиши устидан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар ҳақидаги ҳисоботларини эшитиш, минтақалар мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантириш миллий ҳаракат режаларини (“йўл хариталари”ни) тасдиқлаш орқали парламент назорати олиб бориш назарда тутилган.

Ялпи мажлисда Сенат қўмиталарига, хорижий давлатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича комиссиялар ва гуруҳлар раҳбарларига ҳамкорлик бўйича гуруҳларни кенгайтириш ва уларнинг мажлисларини амалий мазмун билан бойитиш, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш, минтақалараро алоқаларни чуқурлаштиришга кўмаклашиш, маҳалла, сайлов округлари ва олий ўқув юртларида маърифий ишларни фаоллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар ва тавсиялар берилди.

Сўнгра 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, Давлат дастури 273 та банддан иборат бўлиб, 2021 йилнинг биринчи ярмида 116 та банддаги топшириқнинг ижроси таъминланиши белгиланган. Уларнинг 89 таси тўлиқ бажарилган, 2 та банднинг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган.

Ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 74,9 триллион сўмга етган. Жами харажатлар 79,3 триллион сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 40,4 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,6 фоизга ошган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 2021 йилда жами 7794 та қишлоқ ва маҳаллада 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишни назарда тутувчи параметрлар тасдиқланган.

2021 йилнинг 30 июнь ҳолатига 209,2 минг янги иш ўрни яратилган, 78,5 минг нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган, 24 мингдан ортиқ фуқароларга субсидиялар ажратилган.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги барча секторлар ва маҳаллалар кесимида алоҳида режалар тасдиқланган ҳамда жами 425 минг 662 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлигига эришилган.

Мажлисда Дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.

Дастурда 2021 йилнинг биринчи ярмида бажарилиши қайд этилган 7 та банддаги Вазирлар Маҳкамаси қарорлари белгиланган муддатларда қабул қилинмаган. Натижада Дастурнинг бир қатор муҳим вазифалари ижроси ўз вақтида таъминланмаган. Жумладан, хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган ва хорижий тил ҳамда касблар бўйича малака имтиҳонларини муваффақиятли топширган фуқароларни рағбатлантириш тизимини жорий қилиш, алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган болаларнинг таълим олиши, аниқ бир касбни эгаллаши учун кўмаклашиш, олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш тартибини жорий этиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, сенаторлар хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон меҳнат мигрантларига хизмат кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жумладан, ҳаёти, соғлиғи, меҳнат шароитлари ва шартномада белгиланган иш ҳақи ўз вақтида берилаётгани ҳақида доимий мониторинг олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида республикада жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида Ички ишлар вазирлиги томонидан бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда бир қатор самарали ишлар амалга оширилган.

Хусусан, 2021 йил 6 ойда содир этилган умумий жиноятларнинг 95,3 фоизи фош этилган, қидирувдаги 1 833 нафар шахс ушланган. Бедарак йўқолган 218 нафар шахс топилган. Ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан мазкур даврда 15 434 та жиноят аниқланган.

Қайд этиш лозимки, ички ишлар органлари ходимлари ташаббуси билан аниқланган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 71,4 фоизга яхшиланган.

Бироқ ўтказилган ўрганишлар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаганлиги ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, 2021 йил 6 ойида республика миқёсида содир этилган умумий жиноятлар сони 45 630 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 132 тадан тўғри келган. Ўтган йилга нисбатан 111,9 фоизга ортган.

Олди олиниши мумкин бўлган 217 та қотиллик, 4 137 та тан жароҳати етказиш, 135 та босқинчилик, 1 100 та безорилик, 7 618 та ўғрилик, 9 439 та фирибгарлик жинояти содир этилишига йўл қўйилган.

Бундан ташқари, 6 мингга яқин, айниқса, Андижон, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилиб, жойларда аҳолининг бандлигини таъминлаш ишлари самарасиз ташкил этилганлигидан далолат беради.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2021 йил 6 ойида оилавий муносабатлар доирасида содир этилган жиноятларнинг 77 таси қотиллик, 798 таси тан жароҳати етказиш

билан боғлиқ жиноятлардир.

Бундан ташқари, республика ҳудудида содир этилган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ишлари ҳам тўғри ташкил этилмаган. Мамлакатимизда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва улардан имтиҳон олиш тартиби билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларини ҳам такомиллаштириш тақозо этилади.

Автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли Республика бўйича 2021 йилнинг ўтган 6 ойи давомида жами 3,5 миллионга яқин, 2020 йилга нисбатан 40,8 фоизга кўп йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этилган.

Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳам талаб даражасида эмас. Айрим ходимларнинг эса билим савияси ва ҳуқуқий маданияти бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Оқибатда фуқароларнинг жиддий эътирозлари кун сайин ортиб бормоқда.

Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра Боёвут, Қарши, Бўстон, Тўрақўрғон, Олот туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси тўғрисидаги масала муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, мазкур ҳудудларда муайян ишлар амалга оширилган бўлиб, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш йўналишида қарийб 912,1 миллиард сўмлик 303 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилган, 3 800 дан зиёд янги иш ўринлари яратилган.

Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича белгиланган тадбирлар доирасида 6 та мактабгача таълим ташкилоти, 7 та умумтаълим мактаби ва 3 та соғлиқни сақлаш муассасаси бинолари ҳамда 3 та маданият объектида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ушбу мақсадда 47,0 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағлари сарфланган.

Коммунал соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, аҳолини сифатли ва узлуксиз электр энергия, табиий газ ҳамда ичимлик суви билан таъминлаш бўйича белгиланган 50 дан ортиқ тадбирларнинг ижроси тўлиқ таъминланган.

Аҳоли хонадонларига 1700 га яқин автоматлаштирилган газ ҳисоблагичлари ўрнатилган. Тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 9 та сув иншооти қурилиб фойдаланишга топширилган.

Шу билан бирга, таҳлиллар жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 79 та тадбир муддатидан кечиктирилганлиги ва 106 та тадбирни амалга оширишда муаммоли ҳолатлар юзага келганлигини кўрсатди.

Ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш тадбирларини молиялаштириш манбаи сифатида Инвестиция дастурида назарда тутилган маблағлар ва республика бюджети этиб белгилаб қўйилганига қарамасдан, мазкур объектлардан 24 таси (2020 йилда 9 та ва 2021 йилда 15 та) жорий йилги Инвестиция дастурига киритилмаганлиги натижасида бугунги кунга қадар маблағ ажратилмаган.

Жумладан, мактабгача таълим соҳасида Боёвут туманидаги 150 ўринли, Қарши туманида 50 ўринли 3 та мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш ва таъмирлаш тадбирлари молиялаштирилмаган. Мактабгача таълим вазирлигининг махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тўрақўрғон туманидаги 47-сонли мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш ишлари бошланмаган.

Халқ таълими соҳасида Тўрақўрғон туманида 330 ўринли мактаб биносини қуриш, Бўстон тумани халқ таълими бўлими биносини таъмирлаш тадбирлари республика бюджетидан молиялаштирилмаган.

Олот туманидаги соғлиқни сақлаш объектларида республика бюджети маблағлари ҳисобидан 3,7 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш белгиланган бўлса-да, бугунги кунга қадар мазкур тадбирлар молиялаштирилмаган.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Маданият вазирлиги масъуллигидаги Каттақўрғон ҳарбий гарнизонининг собиқ “Ҳарбийлар” маданият саройини мукаммал таъмирлаш ва Ингичка қўрғонида янги Болалар мусиқа ва саънат мактабини қуриш тадбирлари бошланмаганини кўрсатди.

Ялпи мажлисда ҳокимият ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг йўл қўйилган хато-камчиликлар бўйича ахбороти эшитилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиб, Сенат қўмиталари томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг 20 га яқин қонунлари ўрганиб чиқилди.

Таҳлиллар айрим қонунларда аниқ механизмларнинг акс эттирилмаганлиги, ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги сабабли соҳанинг асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинганлиги, шунингдек, қабул қилинган айрим қонунлардаги нормаларнинг амалиётда қўлланилмаётганлиги сабабли қонунларни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн еттинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

 

Ўзбекистон Республикаси  

Олий Мажлиси Сенати  

Ахборот хизмати