Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда жорий қилинган “Халқлар дўстлиги куни” кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизда кенг қамровда, юксак савияда, кўтаринки руҳда илк бор нишонланмоқда.

Республикамизда илк бор байрам қилинаётган ушбу сана муносабати билан давлатимиз раҳбари фармонига асосан бир гуруҳ ҳамюртларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари – орден ва медаллари, нишонлар билан тақдирланди.

Пойтахтимизда ана шу мукофотларни ўз эгаларига тантанали тарзда топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унга мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идоралари, жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказларнинг вакиллари, юртимизда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз таклиф этилди. Тадбирни онлайн тарзда ҳам юртимизнинг турли ҳудудларидан кузатиш имконияти яратилди.

Президентимизнинг Халқлар дўстлиги куни муносабати билан байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.

Диёримиз азалдан дўстлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, саховат муҳитига хайрихоҳлиги билан жаҳонга донг таратган. Истиқлол йилларида мамлакатимизда миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида ўзаро тотувлик, бағрикенглик муҳитини сақлаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш масаласига давлат сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратила бошланди. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, барча конституциявий ҳуқуқларини юзага чиқариши учун кенг имконият ва шароитлар яратилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йиллар мобайнида кўп миллатли мамлакатимизда барча фуқароларнинг манфаатларини ҳимоялаш, хорижий ва қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янгича асосда йўлга қўйиш, бунда яхши қўшничилик тамойилларига таяниш, миллатлар ўртасидаги тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашда мутлақо янгича тизимни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида миллатлараро аҳилликни сақлаш масаласи Юртбошимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, Олий Мажлис ҳамда халқимизга Мурожаатномаларида, юксак минбарлардаги нутқларида намоёндир.

Тегишли фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг концепцияси мазкур соҳада давлатимиз сиёсатининг мақсадлари, принциплари ва асосий йўналишларини белгилаб берувчи нуқтаи назарлар ягона тизимини ўзида мужассам этган. Ўзбекистонда миллатлараро, диний конфессиялараро дўстликни мустаҳкамлаш, ўзаро аҳил ва ҳамжиҳат муҳитни таъминлаш борасидаги амалий ишлар халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилмоқда.

…Тантанали мусиқа янграйди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева миллий маданий марказларнинг вакиллари, фидойи ҳамюртларимизга Ватанимизнинг орден ва медалларини топширди. Шунингдек, ”Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонлари ҳам топширилди.

– Мен жонажон Ўзбекистоннинг фарзанди эканимдан ғоят фахрланаман, – деди «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби, Республика қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Раҳматилла Жабборов. – Мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларининг эмин-эркин яшаши, таълим олиши, ўз иқтидорини юзага чиқариши учун зарур барча шароитнинг яратилгани бизларга мамнуният, илҳом бағишлайди.

Байрам давом этади. Турли миллат ва элат вакилларининг либослари турфа, лекин уларнинг мақсад-муддаоси ягона – табаррук Ўзбекистонимизни фаровон, файзли, тинч , осуда, маъмур ва тараққиётга юз тутган ҳолда кўриш.

Тадбир санъат усталари ва ижрочи ёшларнинг катта концерт дастури билан янада шукуҳли ва завқли ўтди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов иштирок этди.

 

Назокат Усмонова, ЎзА