Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг билими, тарбияси, фанлар бўйича қизиқишини ўстиришга, ватанпарварлик туйғуси шаклланишига, соғлом бўлиб улғайишига етарли эътибор қаратилмаётгани қайд этилди.

– Бугунги кунда халқ таълими тизимига қарашли Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларидаги тарбиячиларнинг 95 фоизи аёллар бўлиб, болалар уларни “она” деб чақиради. Лекин ота тарбияси-чи? Бу ердаги фарзандларимизни оилага имкон қадар яқин муҳитда тарбиялашимиз учун албатта ота-она меҳрини бера оладиган тизим яратишимиз керак, – деди Президент.

Туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари болаларни ҳомийлик, васийлик ва оила патронатига бериш ишларига умуман эътиборсизлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, соҳада мутлақо янги тизим жорий қилиниши таъкидланди.

Унга кўра, 16 та Меҳрибонлик уйлари ва 4 та Болалар шаҳарчалари Халқ таълими вазирлиги тизимидан чиқарилиб, Миллий гвардияга ўтказилади. Бунинг учун,  Миллий гвардияда алоҳида қўмондон ўринбосари лавозими жорий этилиб,  бошқарма ташкил этилади.

Президент Миллий гвардия қўмондони Р.Жўраевга ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчаларига шахсан ўзи бориб, уларга Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, ҳар бир гуруҳга малакали офицер ва психологларини бириктириш, логопед ва дефектологларни ишга олиш бўйича топшириқ берди.

Болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида уларни Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмлари, чавандозлар мактабларига олиб чиқиб, кўникмаларини шакллантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун бириктирилган Миллий гвардия ходимлари болалар билан ишлашга ўқитилади.

Шунингдек, Миллий гвардия Меҳрибонлик уйларидаги болаларга тарбия бериш, уларни фан, IТ-технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спортнинг оммабоп турлари билан шуғулланишини ташкил этиш бўйича тегишли вазирликлар тизимини жалб қилиб, мутлақо янги методикаларни ишлаб чиқади.

Бу тизим орқали келгусида ушбу ўғил-қизлар орасидан “Темурбеклар мактаблари” ўқувчилари ва Жамоат хавфсизлиги университети тингловчилари,  Ватанимизнинг чинакам посбонлари етишиб чиқиши маълум қилинди.

 

ЎзА