Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 28 июль куни ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Унда вазирлик ва идоралар мутасаддилари, жойлардаги ҳокимлар, Меҳрибонлик уйлари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.

– Биз ушбу масала бўйича кўпдан буён тайёргарлик кўриб, жойлардаги ҳокимлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан соҳадаги муаммоларни атрофлича муҳокама қилдик. Ушбу соҳада жуда кўп муаммолар борлигини ҳаммамиз биламиз. Лекин қандайдир тизим қилишга, масалаларнинг ичига чуқурроқ кириб, уларни ижобий ҳал этишга чора-тадбирлар кўрмадик. Шуларнинг ҳаммасини инобатга олиб, бугун Юнусобод туманидаги 21-Меҳрибонлик уйи мисолида тизимдаги муаммоларни жойида ўргандим. Бугун сизлар билан ушбу муамоларни ҳал этиш бўйича тўғри чора-тадбирларни белгилаб олишимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда шу пайтгача бу соҳанинг ичига мукаммал кириб, жуда чуқур таҳлил қилиб, керакли қарорлар қабул қилинмагани таъкидланди.

Ҳозирги кунда 13 та Болалар уйида 3-4 ёшгача бўлган 560 нафар бола, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 1,8 минг нафар ўғил-қиз, 86 та махсус интернатда 7 ёшдан 18 ёшгача  бўлган 21 минг нафар бола, ҳомийлик, васийлик, оила патронати асосида 79 минг нафар болалар тарбияланмоқда.

Йиғилишда ушбу меҳрга муҳтож болалар ғамхўрликни тўлиқ ҳис қилмаётгани қайд этилди. Жумладан, Президент Юнусободдаги 21-сон Меҳрибонлик уйига борганида на соҳага масъул вазирлик, на ҳудуд сектор раҳбарлари бу ердаги муҳит ва шароит билан ишламагани аён бўлганини танқид қилди.

Қайд этилганидек, сўнгги 10 йилда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларининг уй-жойга муҳтож 1 минг 188 нафар битирувчисидан  610 нафарига ёки  51 фоизига уй-жой ажратилган. Меҳрибонлик уйларидаги таълим-тарбия ишлари ҳам мутлақо қониқарсиз. Шунингдек, ушбу муассасалар битирувчиларининг атиги 1,6 минг нафари  ёки 64 фоизи иш билан таъминланган.

Шу каби, ўтган йили ихтисослашган мактабларни битирган 1,5 мингдан зиёд ногиронлиги бор ёшларнинг атиги 264 нафари ишга жойлаштирилган.

 

ЎзА