Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов 26 июль куни Канаданинг Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) этиб тайинланган Элисон Мери Леклерни қабул қилди.

Вазир ишонч ёрлиқларини қабул қилиб, элчини масъул лавозимга тайинлангани билан табриклади ҳамда унинг касбий тажрибаси Ўзбекистон – Канада ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишига умид билдирди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг ҳолати, истиқболли йўналишлар ва қўшма кун тартибини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мунтазам сиёсий ва иқтисодий мулоқотни, хусусан, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар, парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш орқали фаоллаштиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани таъкидланди.

– Ўзбекистонга 2018 йилда ҳам келганман. Мамлакатингизда олиб борилаётган ислоҳотларни кўпдан кузатиб келаман. Жумладан, оила ва жамиятни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар таҳсинга сазовор, – деди Элисон Мери Леклер. – Ўзбекистон билан Канада ўртасида қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжуд. Савдо-иқтисодий, таълим, кончилик, қишлоқ хўжалиги, энергетика, қайта тикланадиган энергетика ва авиация каби соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. Шунингдек, иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммоларни ҳал қилишда, гендер тенглиги, парламент институтларини ривожлантиришда бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.

Суҳбат чоғида минтақавий ва халқаро сиёсатнинг бошқа масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА