Ҳозирги синовли кунларга қарамасдан мамлакатимизда кенг кўламли қурилиш ҳамда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа ҳамда қўшни туманда қад ростлаётган ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий объектлар, замонавий уй-жойлар қурилишида “Тупроққалъа махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчиларининг муносиб ҳиссалари бор.

Улардан “Қўнғирот сода заводи” унитар корхонаси, Элликқалъа тумани марказидаги “Элтекс” акциядорлик жамияти, 6 та касб ҳунар коллежи, 4 та умумий ўтра таълим мактаби, 6 та мактабгача таълим ташкилоти,  “Камолот уйлари”, туман марказидаги кўп қаватли уй-жойлар ва бошқа қатор бинолар мазкур масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бунёд этилди.

Ўз фаолиятини 2009 йилда бошлаган қурилиш ташкилотида бугунги куни жами 122 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб, шундан  40 нафари мавсумий ва 82 нафари доимий иш билан таъминланган. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилади. Ишчи ходимларнинг самарали меҳнат қилишлари учун корхона раҳбарияти томонидан барча шарт-шароитлар яратилган. Жумлалан, ишчилар икки  маҳал иссиқ овқат, кийим-кечак ва узоқдан қатновчилар учун бепул ётоқхона мавжуд. Ташкилотда ишловчи ёрдамга муҳтож ходимларнинг оилавий шароити ҳисобга олиниб, фарзандларининг олий ўқув юртларида ўқиши учун шартнома тўловлари тўлаб берилиб,  шахсий уй-жой қуришида моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Иш ҳақлари вақтида берилиб келинмоқда. Мана шундай шарт-шароитлар натижасида қурувчилар ёзнинг жазирамаси қишнинг қаҳратон совуғига қарамасдан белгиланган объектларни ўз вақтида топшириш йўлида  беминнат хизмат қилиб келмоқда. Ўз навбатида ташкилот қурувчиларининг фидокорона меҳнати давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб келинмоқда.

Бугунги куни масъулияти чекланган жамият қурувчилари Элликқалъа, Беруний, Тўрткўл туманларидаги объектларда меҳнат қилмоқда. Шундан Элликқалъа туманидаги 13-сон мактаб-интернатида қурилиши тугалланмаган 240 ўринли ўқувчилар ётоқхонаси, ўқув корпуси ва ошхона биноси қурилиш ишларини олиб борилмоқда. Бу ерда мазкур қурилиш ташкилотидан ташқари пудратчи “Бўстон обод махсус қурилиш” хусусий корхонаси ҳамда “Пўлат қурувчи” масъулияти чекланган жамиятларидан жами 100 нафардан зиёд қурувчи иштирок этмоқда.   Умумий нархи 6 миллиард 272,8 миллион сўм бўлган мактаб-интернати қурилишида бугунги кунга масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 миллиард 316 миллион сўмлик, ёрдамчи пудратчи ташкилотлар томонидан 773 миллион сўмлик иш кўлами бажарилди.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барча соҳалар каби қурилиш ҳамда бунёдкорлик ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Тупроққалъа махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи Абат Миришов. – Айниқса, бугунги куни Оролбўйи шаҳар ва туманларида кенг кўламли курилиш ишлари олиб борилмоқда. Бундай имконият ҳамда ғамхўрликдан самарали фойдаланган ҳолда жамоамиз барча объектларни ўз муддатида сифатли битказишга ҳаракат қиляпмиз. Энг асосийси, биз қураётган ҳар бир бино ва иншоотнинг халқимиз манфаати ва уларнинг фаровон яшашига, юртимиз тараққиётига хизмат қилаётгани ҳар биримизга ғурур ҳам ифтихор бағишлайди.

Бугунги кунда давлатимиз рахбарининг  жорий йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш,  аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, жойларда оқава сув хандақлари ва санитария иншоотларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Масъулияти чекланган жамияти қурувчилари  Тўрткўл тумани “Кўкча” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги сувни чучуклаштирувчи станцияни ва ичимлик сув тармоқларини реконструкция ишларини олиб бормоқда.  “Сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси буюртмаси асосида олиб борилаётган қурилишнинг умумий нархи 3 миллиард 581,2 миллион сўм бўлиб, шундан ўзларининг кучи билан 1 миллиард 194,7 миллион сўм, ёрдамчи пудрадчи ташкилотлар томонидан 468 миллион 173,1 минг сўмлик иш кўлами бажарилди.

Бундан ташқари ушбу туманнинг  “Отаюрт” овул фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан ичимлик сув тармоғини тортиш, 29-сонли умумий ўрта таълим мактаби, Беруний туманидаги 35-сонли умумий ўрта таълим мактаби биноларини мукаммал таъмирлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ташкилот томонидан бугунги кунда нафақат қурилиш ишлари балки, темир-бетон маҳсулотлари, АКФА дераза ва эшиклар, темир дарвоза ва эшиклар, МДФ эшиклар ҳам ишлаб чиқармоқда.

Барча объектлар қурилишини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги байрами арафасида фойдалнишга топширишни режалаштиряпмиз. Бу жамоа қурувчиларининг аҳолига, шу жумладан, иқтидорли ёшларга байрам туҳфаси бўлиб ҳисобланади.

 

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА