Президент Шавкат Мирзиёев раислигида узумчилик ва пиллачилик соҳасида мавжуд муаммолар ва тармоқни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган селектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда мутасаддиларга келгуси икки йилда 66 минг гектар ерда хўраки, майизбоп ва саноатбоп узум плантацияларини ташкил этиш ва умумий токзорлар майдонини 150 минг гектарга етказиш, йил якунига қадар 15 минг 700 гектар токзорда томчилатиб суғоришни жорий этиш ва мингта артезиан қудуқ қазиш ишларини якунлаш вазифаси топширилди.

Узум етиштириш ҳажмини кўпайтиришда аҳоли хонадонларидан ҳам кенг фойдаланиш тизимини жорий этиш лозимлиги қайд этилди.

Мисол учун, Булоқбошида бу йил мингта хонадонга 7 миллиард сўм кредит ажратилиб, қўшимча 5 минг тонна узум, 15 миллиард сўм даромад олиш имконияти яратилди. Туманнинг айрим маҳаллаларида бир қарич ҳам бўш ерни кўрмайсиз, ҳамма жойда узум экилган.

Бу тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларидаги 40 минг хонадонда жорий қилиш орқали қўшимча 3 минг гектар янги токзор ташкил этиб, узум етиштириш ҳажмини уч баравар ошириш мумкин.

Ушбу ишларни йил якунигача барча туман ва шаҳарларда жорий этиш, шунингдек, ҳар бир хонадонда камида 15-20 тупдан узум кўчатларини ноанъанавий усулда, яъни “тепасида ток – пастида сабзавот” экишни ташкил қилиш вазифаси топширилди.

Аҳоли хонадонларига “Томорқа-сервис” орқали керак бўлган бозорбоп ток кўчатлари етказиб берилади.

Йиғилишда олимлар ва четдан жалб этиладиган консультантлар билан хусусий-шериклик асосида замонавий кўчатчилик комплексларини ташкил қилиш, узумнинг юқори ҳосилдор, совуққа ва касалликларга чидамли ҳамда данаксиз янги навларини яратиш бўйича Россия, Чили ва бошқа етакчи давлатларнинг илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Венгрия етакчи университети ва Фарғона давлат университети ўртасида соҳа мутахассисларини тайёрлайдиган қўшма факультет ташкил этиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Бундан ташқари, узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида виночилик кластерлари тизими йўлга қўйилади. Хусусан, Фориш, Олтинсой, Иштихон ва Янгиобод туманларида саноатбоп узум етиштириш бўйича дастлабки 4 та йирик кластер ташкил этилади.

Майиз қуритиш ва қадоқлаш линияларини барпо этиш харажатларининг 20 фоизигача субсидия ажратилади. Шу билан бирга, табиий виноларга нисбатан акциз солиғи бекор қилинади.

Энотуризм учун зарур инфратузилма яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

 

ЎзА