Президент Шавкат Мирзиёев раислигида узумчилик соҳасидаги мавжуд муаммолар ва тармоқни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган селектор йиғилиши давом этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда етиштириладиган узумларнинг 90 фоизи данакли. Сўнгги йилларда Европа ва Осиё бозорларида данаксиз узум навига бўлган талаб ортиб бормоқда.

– Бир нарсани аниқ тушуниб олишимиз керак, соҳага илмий ёндашилмаса, вилоят ва туман ҳокимлари бутун жамоаси билан масаланинг ичига кириб, туманларни ихтисослаштириш, ер ажратиш, кўчат тайёрлаш, маҳсулотни экспорт қилишни шахсан назоратга олмаса, катта ўзгаришлар қилиш қийин бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Аввало, ихтисослашган тоғолди туманларида йирик узумчилик плантацияларини ташкил этиш зарур.

Мисол учун, ўтган йили Олтиариқ туманида ғалла майдонлари қисқартирилиб, 2 минг гектар ерда йирик узумзорлар барпо этилди. Ушбу ерлар узум етиштириш тажрибасига эга бўлган аҳолига 1 гектардан 3 гектаргача танлов асосида бўлиб берилди.

Бунинг ҳисобига туманда 5 минг нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланди. Энг асосийси, қўшимча 60 минг тонна узум етиштирилиб, унинг экспорти кейинги йилда қарийб 100 миллион долларга, тўлиқ ҳосилга киргандан кейин эса йилига 200 миллион долларга етиши кутилмоқда. Мисол учун, 2016 йилда туманда узум экспорти атиги 5 миллион доллар бўлган.

Шунингдек, Фориш, Ғаллаорол, Янгиобод, Чироқчи, Пайариқ, Қўшработ туманларида ҳам алоҳида ёндашув билан 3-4 минг гектардан янги токзорлар ташкил этилгани бошқа туманлар учун ўрнак бўлиши кераклиги айтилди.

Йиғилишда Олтиариқ ва Фориш тажрибаси асосида Элликқалъа, Асака, Жалақудуқ, Булоқбоши, Ғиждувон, Шофиркон, Қоракўл, Пешку, Фориш, Янгиобод, Зомин, Ғаллаорол, Китоб, Шаҳрисабз, Чироқчи, Яккабоғ, Қамаши, Хатирчи, Нурота, Қизилтепа, Поп, Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой, Булунғур, Каттақўрғон, Қўшработ, Иштихон, Ургут, Тойлоқ, Пайариқ, Узун, Сариосиё, Олтинсой, Сирдарё, Ховос, Мирзаобод, Паркент, Қибрай, Тошкент, Олтиариқ, Қўштепа, Фарғона ва Боғот туманларида йил якунигача камида минг гектардан токзорлар ташкил этиш вазифаси топширилди.

Бунинг учун узум етиштириш тажрибасига эга бўлган тадбиркорлар танлаб олинади. Лойиҳалар ғалла ва пахтадан қисқарадиган, янги ўзлаштириладиган ҳамда эски боғ ва токзорлар ўрнида амалга оширилади.

– Ушбу плантацияларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини йўлга қўймасак, янги тажриба ишламайди. Шу боис, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидан икки нафардан ходим ажратилиб, ҳар бир вилоятда узумчиликни ривожлантириш, кўчат билан таъминлаш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича алоҳида Лойиҳа офислари ташкил этилади, – деди давлатимиз раҳбари.

 

ЎзА