– Бугун ҳаётимизнинг қайси соҳа ва тармоғини олмайлик, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилиб, уларга зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.

Сўнгги 4 йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар 500 мингдан ошгани бунинг яққол далилидир.

Хорижий инвестициялар иштирокида замонавий корхоналар барпо этиб, кўплаб янги иш ўринлари яратаётган, маҳсулотларини экспорт қилаётган тадбиркор ёшларимиз сафи кун сайин кенгайиб бормоқда.

Мисол учун, Самарқанд туманида Музроб Тошев, Риштонда Хуршид Норматов, Ургутда Мажидхон Исломов, Хўжаободда Нуриддин Абдураҳмонов, Ҳазораспда Дилшодбек Ҳожиев сингари изланувчан ёшларимиз, ҳавас қилса арзийдиган натижаларга эришмоқда.

Бугунги байрам муносабати билан, мана шундай салоҳиятли ёшларимизнинг бир гуруҳи юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳам, албатта барчамизни мамнун этади.

Албатта, бундай ўғил-қизларимиз – замонамизнинг ёш қаҳрамонларидир. Уларнинг дастлабки, аммо умидбахш ютуқлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўрсатувлар, мақола ва суҳбатлар ташкил этиб, амалга ошираётган ибратли ишларини кенг жамоатчилик, аввало, тенгдошлари ўртасида тарғиб қилиш айни муддао бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.