Бугун шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, иқтидорли ёшларимизнинг кўпчилиги жонкуярлик билан хизмат қилмоқдалар. Бундай ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантирамиз, – деди Президент.
Масалан, Шерзод Раҳмонов – Нарпай туманида, Сарварбек Султонов – Ширин шаҳрида ва Элбек Шукуров – Сергели туманида ҳоким бўлиб,
Дурдона Раҳимова – Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Одилжон Тожиев – Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.
Шу билан бирга, кўплаб иқтидорли ўғил-қизларимиз хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқимоқда, илм-фан билан шуғулланмоқда, йирик ва етакчи компанияларда иш олиб бормоқда.
Биз ана шундай юксак билим ва малакага эга ёшларимизни Ватанимизга келиб ишлаши учун барча шароитларни яратиб берамиз. Уларни раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида белгилаш, уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизимни жорий этамиз.
Умуман, ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.
Бунинг учун, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлайдилар.
Жорий йилдан бошлаб, бундай иқтидорли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди.
Шунингдек, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади.
Ҳар бир вилоят ҳокими ва вазир йил бошида ўз ҳудуди ва тизимига бундай ёш мутахассисларни ишга олиб келиш режасини тасдиқлайди ҳамда уларга бериладиган иш ҳақи, уй-жой ва бошқа рағбат турларини ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА