Тошкент Ботаника боғида Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми давом этмоқда.
Форум ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қатнашмоқда.
– Албатта, ёшликка хос шижоат, жўшқинлик ва мардликни, эзгу орзу-интилишларни амалий ҳаракатга айлантириб, салмоқли натижаларга эришиш учун, инсон ўз олдига аниқ мақсад қўйиб яшаши керак.
Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, буюк аждодларимиз эришган оламшумул ютуқлар замирида аввало она Ватанга, халққа хизмат қилишдек буюк мақсад мужассам эканини кўрамиз.
Масалан, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ алломалар, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби шоир ва мутафаккирлар, Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирийдек маърифатпарвар адиб ва олимлар ўзларининг машҳур илмий кашфиётларини, ўлмас бадиий асарларини айнан сизларнинг ёшингизда яратганларини ҳаммамиз яхши биламиз ва бу билан фахрланамиз.
Бизнинг томирларимизда ана шундай улуғ боболаримизнинг қони оқар экан, уларнинг муносиб ворислари бўлиш, улар каби юксак мақсадлар сари интилиб яшаш, барчамизнинг муқаддас бурчимиздир, – деди давлатимиз раҳбари ўз нутқида.