Президентимиз Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, корхоналар фаолияти билан танишди.

Пойтахтимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш, пиёдалар учун қулайлик яратиш мақсадида кўплаб кўприк ва йўл ўтказгичлар бунёд этилмоқда.

Бундан бир йил олдин давлатимиз раҳбари Сергели туманини пойтахтимиз маркази билан боғловчи йўл ва кўприк лойиҳаси билан танишган эди. Ўтган йили 26 декабрь куни ушбу йўлнинг муҳим қисми бўлган Қипчоқ кўчасидаги кўприк очилди. Бугунги кунда ушбу кўприкдан Чўпонота кўчасигача янги йўл ва йўл ўтказгичлар барпо этилмоқда.

Кичик ҳалқа йўли ва Салар канали устида қурилаётган кўприкнинг узунлиги 788 метр, чиқиш-тушиш қисми билан ҳисоблаганда 950 метр бўлади.

Давлатимиз раҳбари дастлаб ушбу кўприкни бориб кўрди.

Ўзига хос муҳандислик ечимига эга бу иншоот монолит услубида, бетон аралашмаси ичидаги темир тўқималарни таранг тортиш технологияси асосида бунёд этилмоқда. Бу хавфсиз бўлиши билан бирга қуриш учун жуда қулай. Хусусан, бу ердаги ишлар ҳам Кичик ҳалқа йўли ва темир йўлдаги қатновни тўхтатмаган ҳолда давом эттирилмоқда.

– Бу арзон, мустаҳкам, халқимизга ҳам маъқул технология. Келажакни ҳисобга олиб, ҳали кўп жойда кўприклар қурамиз. Шунинг учун мутахассислар ва талабаларни бу ерга олиб келиб, жараённи кўрсатиш, замонавий технологияларни ўргатиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу кўприкдан Қипчоқ кўчасигача 6 километр йўл қурилмоқда. Тошкент ҳалқа автомобиль йўли билан кесишган жойда туннель бўлади. Шу тариқа, пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Чўпонота кўчаси ва Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси самарали боғланади.

Ҳозирги кунда Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланмоқда. Шу боис унда қатнов жуда кўп, тирбандлик катта.

6 қаторли янги кўприк ва йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қувватига эга бўлади. Натижада Сергели туманига транспорт қатнови тирбандлиги 50 фоизга, ҳаракат вақти 20-25 дақиқага камаяди.

Йўл бўйларига энергия тежамкор ёритгичлар ўрнатилади. Бўш майдонларда “яшил ҳудудлар” барпо этилиб, пиёдалар йўлаги ва велойўлакчалар ташкил этилади.

Шу ерда Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Янги Ўзбекистон кўчасида йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги «Dentafill Plyus» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Халқимизнинг саломатлигини асраш, тиббиёт соҳасини ривожлантиришга кўрсатилаётган алоҳида эътибор самарасида фармацевтика саноати ҳам жадал ривожланиб, ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситаларининг тури ҳамда сифати тобора ортиб бораётир.

«Dentafill Plyus» мамлакатимиздаги дори воситалари ва тиббий анжомлар ишлаб чиқараётган етакчи фармацевтик корхоналардан бири.

Бу корхона 2019 йилда ишга туширилган. Швейцария, Германия, Туркия, Хитой, Япония, Малайзия ва Жанубий Кореядан энг замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Бугун бу ерда 20 дан ортиқ фармакологик гуруҳга мансуб 172 дан зиёд дори воситаси ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қувват 60 миллион дона.

Президент корхонада ишлаб чиқарилган дори воситаларини кўздан кечирди.

– Фармацевтика бўйича катта имкониятларимиз бўла туриб, бундан фойдаланилмас эди. Ҳозиргача катта харажатлар эвазига четдан дори-дармон олиб келиняпти. Шунинг учун биз заминни мустаҳкам қилаяпмиз. Аввало, кадрлар тайёрлаш, инновацияларни жорий қилиш, илмни ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз. Энди ишлаб чиқариш ҳам сифатли бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Бу корхонага Тошкент фармацевтика институти талабаларини жалб этиб, назарияни амалиёт билан мутаносиб олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Корхонада Европанинг етакчи компаниялари, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институти ва Полимерлар кимёси ва физикаси институти билан муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу маҳсулотларнинг турини кўпайтириш ва сифатини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ҳозирда «Dentafill Plyus» корхонасининг юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган цехларида таблеткалар, капсулалар, гален препаратлар, инъекцион ва инфузион эритмалар шаклидаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, қуруқ ҳолатдаги антибиотиклар, суртмалар, суппозиторийлар, сироплар, суспензиялар, суюқ дорилар, тиш пастаси ва тиббий буюмлар, қўлқоплар тайёрланади.

Масъулияти чекланган жамиятда маҳаллийлаштириш даражаси 65 фоизга етган. Швейцариянинг BFS технологияси асосида инъекцион препаратларни полимер ампулаларда ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Латекс хомашёсидан жарроҳлик қўлқопларини ишлаб чиқариш технологияси ҳам ўзлаштирилди. Корхонада 360 киши иш билан таъминланган.

Йилига 25 миллион дона дори воситалари Кувайт, Россия, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Ҳозир дунёда табиий гиёҳлардан тайёрланган дориларга талаб ортмоқда. Корхонада юртимизда ўсадиган доривор ўсимликларни экстракция қилиш, улардан турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш устида ҳам изланишлар олиб борилмоқда.

Президентимизга Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион фармацевтика кластери қурилишининг бориши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари журналистлар билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Сергели туманидаги Саховат маҳалласи ҳаёти билан танишди.

Маҳалла ҳудуди 18 гектар бўлиб, 2016 йилда ташкил этилган. 41 та кўп қаватли уйда 6 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Бу ерда битта мактаб ва иккита мактабгача таълим муассасаси бор.

Илгари бу маҳалла эътибордан четда қолган эди. Жорий йилда “Обод маҳалла” дастури доирасида ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилиб, янгидан чирой очди. Маҳалла гузари, Саховат боғи, савдо дўконлари барпо этилди. Йўлаклар тартибга келтирилиб, болалар ўйингоҳлари, автотураргоҳ ташкил қилинди.

Президентимиз ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Маҳалладаги ижтимоий муаммолар манзилли ҳал этилмоқда. Масалан, турар жойга муҳтожларга уй ва субсидиялар берилди. Ишсиз аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида қиймати 5 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Хусусан, мебелсозлик мажмуасини ишга тушириш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари маҳалла дўконини ҳам кириб кўрди.

Маҳалла аҳли билан суҳбатда бугунги ўзгаришлар, тинчлик-осойишталикнинг қадри ҳақида мулоқот бўлди.

– Сергелида кўплаб уй-жойлар қурдик, янги-янги корхоналар кириб келаяпти. Бу ўзгаришлар одамлар ҳаётида сезилиши муҳим. Энди тумандаги ҳар бир маҳалла шундай обод бўлиши керак. Аҳоли бу ерда сайр қилиб, пиёда юриб, соғлиғини мустаҳкамлаб, ҳаётдан рози бўлиб яшаса, мақсадимиз шу. Сизларнинг бахтингиз – менинг бахтим, – деди Президент.

Жорий йилда “Обод маҳалла” дастурига кўра Тошкент шаҳрига 1 триллион 300 миллиард сўм ажратилган. Бунинг эвазига маҳаллаларда 937 километр ичимлик ва оқова сув, газ, электр тармоқлари, 545 километр ички йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 31 май куни Чирчиқ дарёси бўйини ободонлаштиришга оид лойиҳа тақдимоти билан танишган эди.

Дарёнинг Тошкент шаҳридан ўтган қисми 16 километрни ташкил этади. Ушбу масофада ўзанни қисқартириб, турли инфратузилма объектлари барпо этиш режалаштирилган. Биринчи босқичда Оҳангарон ва Бектемир кўчалари оралиғидаги 5 километр тартибга келтирилмоқда.

Президент бу ердаги қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

Бу қисмдаги ишлар 2021-2022 йилларда амалга оширилади. Натижада 34 гектардан зиёд майдон ҳосил бўлади.

Лойиҳа тўрт босқичдан иборат. Иккинчи босқичда яна 5 километр, учинчиси ва тўртинчи босқичларда 3 километрдан дарё ўзани тартибга келтирилади.

Умуман, бу ишлар натижасида 210 гектар қўшимча ер очилади. Бу ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, дам олиш масканлари, сайр йўлаклари ва маҳаллий автомобиль йўллари барпо этилади. Шунингдек, замонавий уй-жойлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилиши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бу ҳудуд шаҳар экологияси учун муҳимлигини таъкидлаб, кўпроқ дарахтлар экиш, аҳоли учун рекрацион жойларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда Тошкент шаҳри ва туманлари ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари билан йиғилиш бўлди.

Ажратилган маблағларни тўғри йўналтириб, тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш чоралари белгиланди. Маҳаллаларда хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқилган 5 минг 400 та кичик лойиҳани амалга ошириш орқали 181 мингта янги иш ўрни яратиш имкони борлиги таъкидланди.

Йиғилишда ижтимоий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилнинг ўтган даврида “Ёшлар дафтари”га киритилган 24 минг нафар ёшлардан 19,5 минг нафарининг бандлиги таъминланган. Пойтахтда “Аёллар дафтари”га киритилган 16 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг барчасига амалий ёрдам берилган.

Давлатимиз раҳбари нуронийлар ва фаолларнинг таклифлари асосида маҳаллаларни ободонлаштириш, йўл ва сув тармоқларини таъмирлаш, тиббий хизматларни яхшилаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Ёшларни касбга йўналтириш, спорт мусобақалари ва тўгаракларга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.

– Бу йил жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Бу байрамни кўтаринки руҳ билан, улкан натижалар билан кутиб олишимиз керак. Халқимизни рози қилиш учун янги қирраларни, янги имкониятларни топишимиз зарур, – деди Президент.

 

А.МУСАЕВ,

З.ЖОНИБЕКОВ,

М.ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбирлари