Энди тармоқ ва ҳудуд раҳбарларининг асосий вазифаси инвестициявий фаолликни кучайтириш билан бирга, уларнинг самарадорлигини ошириш бўлади. Шунингдек, тармоқ ва ҳудудларга имтиёз ва преференция берилганда, нафақат инвестиция ҳажми, балки янги иш ўрни ташкил этиш ҳам ҳисобга олинади.

Бу ҳақда айни пайтда инвестиция ва экспорт соҳаларида олиб борилаётган ишлар ва йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Президент мутасаддиларга келгуси йил бюджет ва инвестиция дастурларини шакллантиришда ушбу талабларни асосий мезон сифатида киритиш бўйича топшириқ берди.

Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов тармоқ, ҳудуд ва банк раҳбарлари билан бирга қуйидаги йўналишларда ишларни ташкил этиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Аввало, ҳар бир туман ва шаҳарнинг маҳаллий саноат бўйича ишга солинмаган имконият ва салоҳиятларини аниқлаб, манзилли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиши зарур.

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда қўшниларни ҳам ҳисобга олганда, мебель маҳсулотлари бозори 2,5 миллиард долларга тенг. Лекин республика бўйича 5,5 мингта мебель корхонасидан 1,5 мингтаси аҳоли хонадонларида жойлашган бўлиб, уларни саноатлаштириш орқали камида мингта лойиҳани амалга ошириш мумкин.

Мисол учун, Хоразмдаги мебелсозларнинг 44 фоизи Хонқада жойлашган. Тумандаги Истиқлол, Баркамоллик, Пахтагул ва Ватанпарвар маҳаллаларида 100 дан зиёд оила ўз хонадонларида мебель ишлаб чиқаради.

Шу боис, жорий ҳафтада мебель саноатини ривожлантириш бўйича имзоланган қарорга мувофиқ, 15 та туман (шаҳар) мебелсозликка мослаштирилди.

Нукус, Андижон, Олтинкўл, Ромитан, Қарши, Кармана, Пастдарғом, Узун, Бағдод, Ўрта Чирчиқ, Хонқа туманлари, Жиззах, Қарши, Наманган ва Янгиер шаҳарларида кластер шаклидаги мебелчилик кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 200 миллион долларлик 450 та лойиҳа жойлаштирилади ва камида 7,5 мингта янги иш ўринлари яратилади.

 

ЎзА