Президентимиз тумандаги собиқ «Каноп» заводи ҳудудида бўлиб, қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини кўздан кечирди, аграр соҳани ривожлантириш лойиҳалари билан танишди.

Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида етиштириладиган хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнини ўз ичига олган кластерлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бундай чора-тадбирлар яхши натижа бермоқда.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда, жумладан, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон ва Бўка туманларида ташкил этиладиган пахта-тўқимачилик кластер лойиҳалари билан танишди. Хусусан, Қуйи Чирчиқ туманида 2018-2020 йилларда пахта етиштиришдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўзида тўла жамлаган кластер лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Шу мақсадда 59 миллион доллардан зиёд инвестиция жалб этилади, 600 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Жорий йил мамлакатимизда 60 дан зиёд ана шундай лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Қуйи Чирчиқ туманида «Gold Agro Standart» масъулияти чекланган жамияти томонидан гўшт етиштиришга ихтисослашган қиймати 7 миллиард сўмлик бўлган чорвачилик фермаси ташкил этилмоқда. 2018 йилнинг 4-чорагида ишга туширилиши режалаштирилган мазкур мажмуада йилига 360 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари аҳолига етказиб берилади. Лойиҳа амалга оширилгач 25 нафар аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади.
Бекобод туманида агрологистика маркази ташкил этиш лойиҳасида мева-сабзавотларни музлатиш, қуритиш, қадоқлаш ва сақлаш кўзда тутилган. Умумий майдони 2,5 гектар бўлган марказ 2019 йилнинг 3-чорагида ишга туширилади. Бунинг натижасида 200 нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Йилига 8,6 миллион долларлик маҳсулот Япония, Жанубий Корея ва Европа Иттифоқига экспорт қилинади.
Шунингдек, Тошкент вилоятида амалга ошириладиган чорвачилик, паррандачилик, балиқчиликни янада ривожлантириш, каноп етиштириш, шолини қайта ишлаш, спорт ва хизмат отлари учун карантин ҳамда ветеринария хизмати кўрсатиш бўйича ҳамда от заводи мажмуаси, иссиқхоналар ташкил этиш каби лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

 

Умар Асроров, ЎзА